Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Олмалиқ шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаролар Ж.Т., С.С., B.Т. бошқа бир фуқаро Д.га Telegram орқали хорижда ишлаб чиқарилган «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини ҳар бир донасини 40 минг сўмдан сотишга келишгани аниқланган. Улар жами 49 дона ушбу дори воситасини 1,9 миллион сўмга сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)