Даниялик олимлар тадқиқот ўтказиб, дунёдаги кўк кўзли одамларнинг барчаси тахминан 6—10 минг йил аввал яшаб ўтган бир одамнинг авлодлари, деган хулосага келди. Бу ҳақда LADBible хабар бермоқда.
Олимлар қайд этишича, Ер аҳолисининг бор-йўғи 10 фоизи кўк кўз соҳибларидир. Кўп йиллар давомида тадқиқотчилар инсон кўзидаги жигарранг пигмент даражасини белгиловчи ОCА2 генини ўрганган. Якунда эса кўз рангдор пардасининг кўк рангда бўлиши — кўк пигментни қўшувчи HERC2 генидан келиб чиққан генетик мутация оқибати, деган хулосага келди.
Шунингдек, олимлар бу мутация тахминан 6—10 минг йил аввал яшаб ўтган битта одамдан келиб чиққанини аниқлади.
«Кўк кўзли одамларнинг барчаси ягона аждод орқали боғланган. Уларнинг ҳаммаси ўз ДНКсининг битта жойида бир хил мутацияни мерос қилиб олган», — деди тадқиқот муаллифи, ҳужайралар ва молекулалар тиббиёти бўлими профессори Ханс Айберг.
Олимлар фикрига кўра, мутация одамлар Африкадан Европага миграция қилган пайтда тарқалган бўлиши мумкин, бу эса асосан европоид ирқига мансуб одамларнинг кўзи кўк бўлишини қайсидир даражада тушунтириб беради.
Изоҳ (0)