Венгрия пойтахти Будапешт шаҳридаги Шандор саройида 4 октябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия президенти Каталин Новак билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбари Фахрий меҳмонлар китобида қайд қолдирган, етакчилар биргаликда суратга тушган.
Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашган. Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, сиёсий мулоқот чуқурлашиб, ўзаро кўмак давом эттирилаётгани, парламентлараро ва жамоатчилик алоқалари кенгайиб бораётгани таъкидланган.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш устувор аҳамиятга эга экани қайд этилган. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробар ошгани таъкидланган.
Бу борадаги ишларни фаоллаштиришда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Венгрия ҳукуматлараро комиссияси ва 3 октябрь куни Будапештда иккинчи йиғилишини ўтказган Ўзбекистон—Венгрия Ишбилармонлар кенгаши муҳим ўрин тутмоқда.
Томонлар Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизимига қўшилгани ўзаро савдони салмоқли даражада кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очишини таъкидлаган.
Венгрия Ҳукумати «Хунгарикум» дастури доирасида ўзбекистонлик талаба ва докторантлар учун ҳар йили ажратиладиган квотани 170 тагача ошириш тўғрисида қарор қабул қилган. Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форумини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилган.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган. Кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқотни ва ўзаро кўмакни давом эттириш масалаларини муҳокама қилган.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Венгрия президентини ўзи учун қулай вақтда ташриф билан Ўзбекистонга боришга таклиф этган.
Изоҳ (0)