Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

2 октябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Ҳиндистон озодлиги ҳаракати етакчиси Маҳатма Гандининг таваллуди, махфий саналиб келинган Opus Dei ташкилоти ҳамда СССРда ўтказилган ядровий қуроллар синовига оид фактлар ўрин олган.

Толстой билан дўстлашган, Гитлерга мактуб ёзган: Маҳатма Ганди дунёни қандай ўзгартирган эди?

1869 йилнинг 2 октябрь куни Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракатининг етакчиси ва мафкурачиси Маҳатма Ганди дунёга келган. Лев Толстойнинг ёвузликка зўравонлик билан курашмаслик ҳақидаги ғоялари, шунингдек, машҳур «Ҳиндуга мактуб» асари билан қизиққан Ганди ёзувчи ғояларини сиёсий таълимотга айлантирганди.

Фото: Bigasia

Фото: Bigasia

Донишманд кўзлар, миллий либос, юмалоқ кўзойнак, қўлда таёқ — кўплаб китоблар ва оқ-қора суратларда Ганди айнан шу кўринишда тасвирланган. Бироқ у ёшлигида буткул бошқача бўлган — тик ёқа билан безатилган замонавий камзулда юрган. Бу каби кийимни Ганди Лондонда таълим олиб, Жанубий Африкада яшаганида кийган. Ушбу давлатда у ҳиндуларга ёрдам бериш билан шуғулланган, улар учун коммуна ташкил этган ва Лев Толстой билан ёзишган.

Ҳиндистонга қайтиб, ўз тарафдорлари ёрдамида Ганди инглиз мустамлакачилигига пассив қаршилик кўрсата бошлаган. Қуролли курашни рад этган Ганди фуқароларни Британия товарларига бойкот эълон қилишга ва уларнинг муассасаларига боришдан бош тортишга чақирган.

Фото: Bigasia

Фото: Bigasia

1930 йилда у юз минглаб тарафдорларига солиқларнинг катталиги боис инглизлардан туз сотиб олишни тўхтатиш таклифини берган. Шундай қилиб «Туз юриши» бошланган, акция Биртания ҳукуматига қарши курашга жиддий рол ўйнаган. Улар Гандининг машҳурлиги кундан кунга ортиб бораётганини кўрган. 1930 йилнинг майида Британия ҳукумати уни ҳибсга олган ва у бир неча ой қамоқда сақланган.

Бунга норозилик билдирган Ганди тарафдорлари ҳукуматга қарши намойишлар ўтказган, полиция эса куч ишлатиб уларни қувиб юборишга мажбур бўлган. Аммо қаршиликлар давом этавергач, Ҳиндистон вице-қироли лорд Ирвин ён босишга мажбур бўлади. Орадан йиллар ўтади, бироқ Ганди ҳаракати ўз мевасини беради ва инглизлар Ҳиндистондан 1947 йилда бутунлай чиқиб кетади.

Гандининг кучи у дунёнинг энг ёқимсиз сиёсатчилари билан ҳам диалог ўрнатишга тайёрлигида бўлган. 1938 йилда у нацистлар етакчиси Адолф Гитлерга мактуб ёзган. Хат 1939 йилнинг июнида, нацистлар Чехословакияни эгаллаганида, аммо Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан бир неча ой олдин ёзилган.

Тез орада жаҳон урушини бошлайдиган одамга Ганди «дўстим» деб мурожаат қилган. Мактуб жавобсиз қолдирилган ва ҳинд қаршилиги етакчиси 1940 йилда яна бир хатни ёзган.

«Менинг душманларим йўқ. Охирги 33 йил давомида менинг ҳаётим, ишим ирқи, ранги ва эътиқодидан қатъи назар, барча одамларга дўстона муносабатда бўлиш орқали бутун инсоният дўстлигини таъминлашдан иборат бўлди. Сизнинг жасурлигингизга, ўз халқингизга садоқатингизга шубҳа қилмаймиз, шунингдек, рақибларингиз сизни махлуқ каби тасвирлашларига ҳам ишонмаймиз», — деган Ганди.

Маҳатма Ганди 1948 йилнинг январида ҳинд экстремистлари томонидан ўлдирилган эди. Ҳиндистонда сиёсатчини ҳурмат қилишига қарамай, радикал доиралар орасида унинг шахсига нисбатан душманлик сақланиб қолган.

Фото: Bigasia

Фото: Bigasia

Ганди дунёнинг кўплаб етакчилари, жумладан, кичик Мартин Лютер Кинг, Нелсон Мандела ва АҚШ собиқ президенти Барак Обамани илҳомлантирган. Толстойга йўллаган мактубларидаги сўзлари каби Гандининг зўравонликсиз қаршилик кўрсатиш усуллари ҳамон долзарб ҳисобланади.

«Кураш ҳамон давом этмоқда ва қачон тугаши номаълум, аммо пассив қаршилик ғалаба қозониши мумкинлиги ва қозона олишини кўрсатиб берди, қўпол зўравонлик маънисиз», — деб ёзган Ганди Толстойга 1909 йилда.

Улар ҳеч қачон бир-бири билан учрашмаган, Ҳиндистоннинг Россиядаги элчиси Бала Венкаташ Варманинг айтишича, Толстой ёзишмалар орқали ҳинд дўстига жиддий таъсир кўрсатган.

Фото: Bigasia

Фото: Bigasia

Асар сабаб машҳурликка эришган ташкилот

1928 йилнинг 2 октябрида Мадридда Opus Dei ташкилотига асос солинган эди. Мазкур ташкилот Ден Брауннинг «Да Винчи коди» романи орқали машҳурликка эришган. Ташкилотнинг мақсади — диндорларга кундалик ҳаётда муқаддасликни топиш, оддий ишлар билан, хусусан, профессионал фаолият билан шуғулланишга ёрдам бериш. Прелатуранинг штаб-квартираси Римда, Виале Бруно Буоззи кўчасидаги 73-уйда жойлашган.

Фото: Opus Dei

Фото: Opus Dei

1936—1939 йиллардаги Испания фуқаролар уруши даврида республикачилар мамлакатдаги барча диний ташкилотларни шафқатсизларча таъқиб қилган. Ушбу таъқиблар оқибатида 12 нафар епископ ва 6 мингдан ортиқ руҳоний қурбон бўлган, улар католик черкови томонидан Испания фуқаролик уруши жафокашлари деб топилган. Шундан кейин ўрнатилган Франко режими католизмни қўллаб-қувватлаб, барча диний таълимнинг ривожланишига имконият яратган. Шу сабабли католиклар янги ҳукуматга ижобий қараган. Франко ҳукуматида бир нечта Opus Dei аъзолари бўлган, бу орқали ташкилот фашизмга мойиллик ва ҳокимиятга интилишда айбланган. Аммо жамият асосчиси ҳар доим Opus Dei аъзолари бошқа барча католиклар каби сиёсий эркинликка эга эканини ва улар хоҳлаган сиёсий эътиқодларга риоя қилишлари мумкинлигини таъкидлаган.

1947 йилда Opus Dei Папа Пиём XII томонидан Provida Mater Ecclesia конституциясида тасдиқланган. Ундан бир йил олдин роҳиб Эскрива де Балагер ташкилотнинг бошқарув марказини Римга кўчирган ва 1950 йилда Opus Dei «секуляр институт» мақомини олган. Бу эса ташкилотга маълум бир эпархияга эмас, балки бутун дунё бўйлаб ишлашга имкон берган.

1982 йилда Папа Иоанн Павел II Opus Dei ташкилотига «персонал прелатура» — черковнинг диний ваъзхонлик ва иэрархик тузилишининг бир қисми бўлган ҳамда прелат (руҳоний) томонидан бошқариладиган тузилма мақомини берган. Бу ерда «персонал» сўзи прелатура юридик жиҳатдан аниқ бир ҳудудга эмас, одамларга — бутун дунё бўйлаб тарқалган Opus Dei аъзоларига тегишли эканини англатади.

Фото: Opus Dei

Фото: Opus Dei

Ташкилотни бошқариш турли мажбуриятларни ўз зиммасига олган «нумерария» аъзолари томонидан амалга оширилади (Opus Dei аъзолари қасам ичмайдилар, чунки улар черков роҳиблари эмас, балки оддий одамлардир). Уларнинг аксарияти прелатура марказида яшайди; айримлари охир-оқибат роҳибликка ўтади. «Нумерария»лар орасида аниқ сони маълум бўлмаган алоҳида гуруҳ мавжуд бўлиб, улар «инскриптлар» дейилади. Прелат ушбу гуруҳдан навбатдаги сайловларда иштирок этадиган сайловчиларни танлайди.

Вақтида Opus Dei’нинг Россиядаги минтақавий раҳбарияти аъзоси Александр Дианнин-Ховард ташкилотнинг махфий доктринаси ва Ден Браун асарида келтирилган маълумотларга муносабат билдирган эди.

«Ўйлашимча, у учун асосий нарса — пул. Брауин Opus Dei’даги роҳиб ҳақида ёзади, аслида ташкилотда роҳиблар йўқ. У Opus Dei’нинг Манхэттендаги штаб-квартраси ҳақида ёзган, бизнинг штаб-кваритамиз Римда жойлашган. Браун ёлғонлари учун Худо олдида ўзи жавоб беради», — деган эди у.

Шу билан бирга, Дианнин-Ховард Ден Браун ўз асарларини яхши ёзиши ва одамлар унинг ҳикояларига ишонишини таъкидлаган. «Инсон иймонини йўқотса, бидъатчи бўлиб қолади. Ё иймон ёки бидъат. Учинчиси бўлмайди. Инсон шунақа. Ден Браун буни билади ва ундан фойдаланади. Хурофот — муваффақият қуроли. Аммо у бу билан тўхтаб қолмайди. Протестантизмда таълим олган инсон сифатида у Исони ҳам унинг черковини ҳам қоралайди. Бу яхши эмас», — дейди у.

Аҳоли огоҳлантирилмай амалга оширилган ядровий портлашлар

1974 йилнинг 2 октябрь куни СССР Рангли металлургия вазирлиги Ёқутистондаги «Удачная» олмос кареридан 2,5 километр шимоли-шарқда ядровий портлаш амалга оширилган. «Кристалл» номини олган ушбу портлаш қуввати 1,7 килотоннани ташкил этган.

Портлаш 98 метр чуқурликдаги қудуқда амалга оширилганди. Аввалига бойитиш фабрикаси тўғонини ҳосил қилиш учун саккизта портлашни уюштириш режалаштирилган, бироқ кейин ер юзасига портлаш натижасида ҳосил бўладиган зарар моддалар чиқиши ҳисобига ушбу ғоядан воз кечилган. «Кристалл» натижасида ҳосил бўлган ўра 18 йилдан кейин ёпиб ташланган. Портлаш «Удачний» посёлкасидан 3 километр узоқликда амалга оширилган бўлиб, у ернинг аҳолиси бундан огоҳлантирилмаган. Одамларнинг ўзлари миш-мишларга ишониб, посёлкани маълум муддатга тарк этган.

Мазкур портлашдан кейин ҳосил бўлган радиоактив булутни шамол кимсасиз жойга учириб, радиоактив из қолдирган. Орадан етти кун ўтгач, гамма нурланиш дозаси камайган. Радиацион вазият ҳисобга олиниб аҳолининг ёпиқ ҳудудга киришига қўйилган чекловлар портлашдан беш кун ўтиб олиб ташланган. Фақатгина 100 метр радиусда ўралган тупроққа яқинлашиш керак бўлмаган.

Фото: Atomic-energy

Фото: Atomic-energy

1992 йилда портлашнинг радиоактив маҳсулотларини кўмиш, марказий зонада радионуклидларни ишончли ушлаб турадиган доимий муз қатламининг қалинлигини ошириш учун «Удачная» қудуғи карери чиқинди тошлари билан қопланган. Яқин ҳудудни қисман зарарсизлантириш бўйича олиб борилган ишлар технологик майдондаги радиациявий вазиятни ҳам сезиларли даражада яхшилаган. Бироқ турли ташкилотлар мутахассислари томонидан қайта-қайта ўтказилган ҳудудни ўрганиш жараёнида тупроқнинг узоқ муддатли радионуклидлар билан ифлосланган жойлари аниқланган.

Таъкидлаш керакки, Россияда аҳолини огоҳлантирмасдан ядровий синовларни ўтказиш ҳолатлари яна бир неча бор амалга оширилган.

1954 йилнинг 14 сентябрида Оренбург вилоятининг Тоский полигонида маршал Жуков қўмондонлиги остида ядровий қуролдан фойдаланилган ҳолда қўшин тактик ўқувлари ўтказилган. Ўқув «Қорпарча» номини олган бўлиб, унда 45 мингга яқин аскар иштирок этган. Тоский полигони бекорга танланмаган. Унинг рельефи Ғарбий Европага ўхшаш бўлган. Ўқувларнинг асосий мақсади — ядровий қуролдан фойдаланган ҳолда душман тараф мудофаасини ёриб ўтишда қўшинлар ҳаракатини ишлаб чиқиш бўлган.

Фото: Atomic-energy

Фото: Atomic-energy

14 сентябрь куни соат 09:34 да «Ту-4» самолётидан 8 километр баландликдан атом бомбаси ташланган. У ер юзасидан 350 метр баландликда портлаган. Беш дақиқадан кейин артиллерия тайёргарлик бошлаган, сўнг авиация бомбардимончилари зарбаларни амалга оширган. Орадан 50 йил ўтгач, айрим ОАВлар 1954 йилги ядровий қурол синовида 45 минг аскар ва 10 минг тинч аҳоли нурланишга учрагани ҳақида ёзган. Ядровий портлашнинг хавф даражаси ҳақида уларга маълумот берилмаган.

Шунингдек, 1972 йилнинг 9 июль куни Украина ССР ҳудудида биринчи саноат ядровий портлаши амалга оширилган. 1971 йилнинг июлида газ қидириш бўйича қудуқ бурғулаш вақтида кутилмаганда газ конденсати ажралиб чиқа бошлаган. Газ босими жуда кучли бўлган. ҳавога чиқаётган газни мавжуд усулларда тўхтатишнинг имкони бўлмаган. Ўшанда уни ядровий портлаш билан тўхтатишга қарор қилинган.

Саноат ядровий портлашидан фойдаланиш тўғрисидаги фармонни шахсан Леонид Брежневнинг ўзи имзолаган. Иш махфий режимда бажарилган. Вазифани бажариш учун Украинага жойлаштирилган ҳарбий қисмлардан бири жалб этилган. Маҳаллий ҳудуд «КГБ» ва Москвадан келган ИИВ бўлинмалари томонидан қўриқланган. «Машъала» номини олган портлаш қуввати 3,8 килотоннани ташкил этган. Газ ажралиб чиқишини тўхтатишнинг барибир имкони бўлмаган. У бир неча ойдан кейин стандарт усул — қудуқларни бурғалаш орқали ўчирилган.

«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистонда 2 декабрь куни 156 кишида коронавирус аниқланди
Маҳаллий
Жанубий Корея мамлакатда ишлаш ниятидаги ўзбекистонликлар учун квоталар сонини оширади
Дунё
«Ҳинд Чернобили» — Пхобалдаги техноген ҳалокат, Эрон олий раҳбарига айланган Ҳоманаий ва Совуқ урушга якун ясаган Ельцин—Буш. Кун хронологиясида 3 декабрь