Запорожье яқинида тинч аҳолидан иборат гуманитар карвоннинг ўққа тутилиши оқибатида камида 23 киши ҳалок бўлди, яна 28 киши жароҳатланди, деб хабар бермоқда Meduza.
Украинанинг Запорожье вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Старухнинг маълум қилишича, 30 сентябрь куни эрталаб Россия ҳарбийлари автомобиллар карвонига ракета ҳужуми уюштирган.
«Одамлар ўз қариндошларини олиб кетиш ёки уларга ёрдам кўрсатиш учун вақтинча босиб олинган ҳудудга киришда навбат кутиб турган эди», — деди у ўзининг Telegram-каналида.
Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенконинг сўзларига кўра, С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёрдамида Запорожьега жами 16 та ракета учирилган.
Ўз навбатида, Запорожье вилоятининг оккупацион ҳукумати вакили Владимир Рогов «террорчилик ҳаракати» Украина ҳарбийлари томонидан содир этилганини даъво қилмоқда.
Запорожье вилояти Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери қисман оккупация қилинган. Запорожье шаҳри Украина армияси назорати остида қолмоқда.
23—27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, ўзини ўзи республика эълон қилган ДХР ва ЛХР ҳамда Херсон вилоятида «Россияга қўшилиш бўйича референдумлар» ўтказилди. 28 сентябрь куни эрталаб Донбасс сайлов комиссиялари овозларнинг 100 фоизи кўриб чиқилганидан кейин референдумлар натижаларини эълон қилди. Уларнинг айтишича, ЛХР сайловчиларининг 98,42 фоизи, ДХР электоратининг 99,23 фоизи, Запорожье ва Херсон вилоятлари босиб олинган ҳудудлари аҳолисининг эса тегишли равишда 93,1 фоизи ва 87,05 фоизи Россия таркибига қўшилишни ёқлаб овоз берган.
30 сентябрга ўтар кечаси Владимир Путин Украинанинг Херсон ва Запорожье вилоятларининг «давлат суверенитети ва мустақиллигини тан олиш» ҳақидаги фармонларни имзолади. Шу куни Кремлда босиб олинган ҳудудлар, шунингдек, ДХР ва ЛХРнинг «Россияга қўшилиши» тўғрисидаги шартномаларни имзолаш маросими бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)