28 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Фолкленд оролларини қайтариб олган Маргарет Тетчер, «Эстония» паромининг сирли чўкиши ҳамда Москвани энг узоқ бошқарган мер Юрий Лужков истеъфосига оид фактлар ўрин олган.
Уйғонган империя: Тетчер Фолкленд оролларини аргентиналиклардан қандай тортиб олган эди?
1966 йилнинг 28 сентябрида бир гуруҳ аргентиналик миллатчилар Aerolineas Argentinas компаниясига тегишли Douglas DC-4 самолётини эгаллаб олганди. Турли манбаларга кўра, 18-40 кишидан иборат гуруҳ Британия билан бахсли архипелаг пойтахтидаги аэропортга бостириб кириб, Аргентина байроғини ўрнатган ва ҳудудни ўз мамлакатига тегишли деб эълон қилган. Орадан 16 йил ўтгач Маргарет Тетчер Фолкленд оролларини эгаллаган аргентиналикларга тўлақонли уруш очади.ХХ асрнинг иккинчи ярмида қудратли Британия империяси парчаланиб, денгиз ортидаги кўплаб ҳудудларидан айрилган. Аргентиналик диктатор Леопольдо Галтьери Буюк Британиядан 12 минг километр узоқликда бўлган баҳсли Фолкленд оролларини эгаллашга уринган. У осонликда ғалаба қозониб, ўз рейтингини кўтаришга умид қилган, бироқ адашган эди: Аргентина армияси тор-мор келтирилган, бир йилдан кейин эса диктатура ўрнини демократик ҳукумат эгаллаган.
1982 йилнинг 2 апрелида Буюк Британия ва Аргентина ўртасида Жанубий Атлантикадаги оролларга эгалик ҳуқуқи бўйича Фолкленд уруши бошланган. Буюк Британия Фолкленд архипелагини 1883 йилда ўз ҳудуди дея эълон қилганди. Оролнинг жанубий қисмидан 500 километр узоқликда жойлашган Аргентина эса доим уни ўзиники ҳисоблаб келган. Ушбу муаммо Аргентина учун ҳаёт-мамот масаласи эмас эди, Фолкленд аҳолисининг аксариятини ХХ аср ўрталарида британиялик колонистларнинг авлодлари ташкил этар ва ушбу ҳудудий баҳс 1982 йилга қадар жиддий можарога айланмаган эди.
Аргентинада ҳокимият тепасига диктатор Леопольдо Галтьери келганидан кейин барчаси ўзгарган. У ғалабали уруш — халқ меҳрини қозонишнинг яхши усули деб ҳисоблаган ва «буюк держава» мақомидан айрилган Буюк Британия бу қадар узоқликдаги ҳудудини ҳимоялай олмайди деб ўйлаган. Бундан ташқари, Қироллик флоти таркибида Американинг Enterprise ёки Nimitz синфига кирувчи оғир авиаташувлар бўлмаган, шунинг учун уруш осон кечиши керак эди.
1950—1960 йилларда Буюк Британия Франциядан фарқли ўлароқ колонияларни куч билан ушлаб қолишни истамаган, аммо империянинг қулаши узоқ давом этган инқирозни юзага келтирган. Фолкленддан айрилиш сўнгги томчига айланиши мумкин эди, шу сабабли Маргарет Тетчер жуда кескин жавоб қайтарган. Ҳужумдан бир неча кун ўтиб, оролни қайтариб олиш бўйича тезкор флот гуруҳи шакллантирилган ва 5 апрель куни Жанубий Атлантикага юборилган.
Британия армияси океан ортидаги урушга тайёргарлик кўрмаган. 160 минг аскарнинг 55 минги Ғарбий Германияга қаратилган эди ва армия умуман олганда Совет Иттифоқига қарши урушга тайёрланган. Шу сабабли Фолкленд оролларидаги урушга йўналтирилган кучларнинг асосий қисмини мутлақо яроқсиз бўлган танклар ташкил этган. Бунинг устига Британия авиаташувчилари парли катапульта билан жиҳозланмагани учун фақат Harrier каби вертикал учиб қўнадиган самолётларга хизмат кўрсата оларди.
Аргентинанинг эса эски бўлса-да, тўлақонли Veinticinco dе Маyо авиаташувчиси бўлган. Денгиз авиациясининг асосий қисмини Американинг эскирган А-4 Skyhawk қирувчи самолётлари ташкил этган. Бундан ташқари, Аргентинада Франциянинг Super Etendard қирувчилари ҳам бўлган.
Аммо Франция Буюк Британиянинг иттифоқдоши эди ва шу сабабли можаро бошланиши билан Аргентинага эҳтиёт қисмлар етказиб беришни тўхтатган ва мутахассисларини чақириб олган. Натижада аргентиналиклар Super Etendard тизимига интеграция қилиниши учун ўз кучлари билан қайта дастурланиши керак бўлган бешта ракета билан қолган. Шу билан бирга, Аргентина фақат муддатли ҳарбий хизматга чақирилган армиясига ишонган, Британия армиясини эса SAS ва SBS махсус кучларидан иборат профессионал аскарлар ташкил этган.
Охир-оқибат британияликлар торпедалар ёрдамида Иккинчи жаҳон урушидан қолган Генерал Белграно енгил крейсерини чўктиришга муваффақ бўлган. Аргентиналиклар бунга анча жиддий жавоб қайтарган — улар 1945 йилдан бери бирор кемасини йўқотмаган Буюк Британиянинг Sheffield замонавий эсминэтсини йўқ қилган.
Кўплаб тўқнашувларга қарамай, британияликлар 21 май куни десантчиларни юборган. Аргентина авиацияси бунга халақит беришга уринган ва бир нечта кемани, жумладан, Coventr, Sheffield’ни чўктириб юборган. Аммо қандайдир сабабга кўра аргентиналиклар анча ҳимоясиз транспортларга ҳужум уюштирган ва натижада оролга бир неча минг британиялик аскар келишга муваффақ бўлган.
Қаттиқ уруш давомида Британия қўшинлари аргентиналикларни мағлубиятга учратган. Ёз бошида ороллар пойтахти Порт-Стенли эгалланган, Аргентина гарнизони эса 14 июнда тарқатиб юборилган. Шу куннинг ўзида ўт очиш тўхтатилгани эълон қилинган. Можаролар давомида Буюк Британия 258 нафар, Аргентина эса 649 нафар ҳарбий хизматчисидан айрилган. Уруш якуни Буюк Британия ва Маргарет Тетчернинг ғалабаси сифатида қабул қилинган. Аргентинада эса Галтьери диктатурасининг қулашига олиб келган ва 1983 йилда эркин сайловлар ўтказилган.
«Эстония» паромининг сирли чўкиши ва 853 кишининг ўлими. Нега ҳеч ким расмий версияга ишонмаган эди?
1994 йилнинг 28 сентябрь куни Болтиқ денгизида йирик фожиа содир бўлган. Ҳалок бўлганларнинг яқинлари «Эстония» паромининг ҳалокатини ҳамон махсус хизматларнинг ҳаракати деб ҳисоблаб келади.2000 йилнинг ёзида америкалик бизнесмен Грек Бемес ҳамда Германия телекомпанияларидан бирининг вакили олти йил олдин чўкиб кетган «Эстония» паромини қидириш бўйича экспедицияга отланган. У Болтиқ денгизида 83 метр чуқурликда ётар эди. Ҳалокат содир бўлган вақтда «Эстония» бортида 989 киши бўлган, улар орасидан фақат 94 нафар йўловчи ва 43 нафар экипаж аъзоси омон қолган. Ҳалок бўлган 95 киши қирғоққа олиб чиқилиб, уларнинг шахсига аниқлик киритилган. 757 киши чўкиб кетган кема бортидан чиқа олмаган.
Европа қонунчилигига мувофиқ, чўкиб кетган паромга яқинлашган ҳар қандай инсон жиноятчи ҳисобланади. Бизнесмен Бемес ва немис журналисти қандай қилиб бунга рухсат олгани номаълум, аммо улар бу ишни уддалаган. Уларнинг шарофати билан кеманинг ҳалокатига нима сабаб бўлгани барчага маълум бўлган.
«Эстония» паромининг охирги рейси 1994 йилнинг 27 сентябрида бошланган, у Таллиндан Стокгольм томон соат 19:15 да ҳаракатга тушган. У портдан бироз кечикиб чиққан. Кейинроқ журналистларнинг аниқлашича — кеманинг ўнг борти бироз қийшайган, аммо бу экипажни ташвишга солмаган. Афтидан, паром шу каби ҳолатда бир нечта рейсни амалга ошириб улгурган. Ўша кеча Болтиқ денгизида қаттиқ шамол эсиб, унинг тезлиги сониясига 10 метрга етган, вақти-вақти билан ёмғир қуйган.
Ярим тунгача барчаси яхши бўлган. Ундан кейин силкинишлар кучайган, йўловчиларнинг аксарияти каюталардан чиққан. Кўпчилик денгиз касаллигидан азият чеккан, соат 23:00 да «Эстония» бошқа бир паром — «Мариэллой»нинг ёнидан ўтган, кейинчалик экипажнинг эслашича, «Эстония» ютқазилган вақтни қоплаш учун катта тезликда ҳаракатланган. Аммо ҳалокат вақтида кема соатига 28 километр тезликда сузаётган бўлган.
Шундан кейин вазият тез ривожланган: паром Фин кўрфазидан чиқиб, Болтиқ денгизи ўртасига етганда матрослардан бири режа бўйича кўрикни ўтказиб, ҳаммаси жойида экани тўғрисида ҳисобот берган.
Паром капитани Аври Андерсон дам олгани каютасига кириб кетган. Аммо соат 00:55 да ўша матрос автомобиль палубасининг олд қисмида металлнинг шубҳали қийшайиши товушини эшитган. У зудлик билан нима бўлганини кўриш учун югурган, капитан эса юқорига чақирилган. Матрос яна автомобиль палубасини кўздан кечириб, барчаси яхши эканини айтган. Шунга қарамай, шовқинни экипажнинг кўплаб аъзолари ва каюталардаги йўловчилар эшитаётганди.
Ҳалокат соат 01:15 да содир бўлган, механик Маргус Треу бир нечта баланд металл зарбалари овозини эшитган, машина бўлмасининг назорат монитори орқали тумшуқ рампасининг четидан кемага сув кираётганини кўрган.
Бортнинг ўнг томонга қийшайиши тезлашган — ярим соат ичида бу 40 даражага етган (тахминан шу вақтда биринчи СОС сигнали юборилган), яна 10 дақиқадан кейин кема 115 даражага қийшайган ва паром палубаси Болтиқ денгизининг музли суви ичида қолган.
Ушбу дақиқаларда йўловчилар орасида қандай ваҳима кўтарилганини тасаввур қилиш қийин. Айрим гувоҳларнинг таъкидлашича, эркаклар аёлларни қайиқлардан тушириб ташлаб, уларнинг қутқарув нимчаларини кийиб олган, айримлар ўзини мардларча тутиб, кучсизларга ёрдам берган. Шунга қарамай, омон қолган 137 кишининг 111 нафарини 25-45 ёшлар оралиғидаги эркаклар ташкил этган. Фақат энг кучлилар омон қолган. Сувнинг ҳарорати -12 даража бўлгани боис унга тушганлар тезда чўкиб кетган.
Ким айбдор?
Паром теракт оқибатида чўкиб кетгани тўғрисида миш-мишлар тезда тарқалган. Айрим йўловчилар зарба ва портлаш овозини эшитганини таъкидлаган. Бошқалар эса иккита портлашни эшитганини айтган. Аммо Эстония ҳукумати кеманинг носозлигидан бошқа версияни кўриб чиқишни истамаган.
Швеция, Финляндия ва Эстония томонидан тузилган тергов комиссияси бир зумда қарор чиқарган: ҳалокатга паром замонавий хавфсизлик талабларига жавоб берадиган конструкциянинг етишмовчилиги сабаб бўлган. Европаликлар уни чиқариб олишни истамаган — жуда қиммат. Ҳалокат жойи умумий қабристон деб эълон қилинган. Жамоатчиликка исбот сифатида кеманинг денгиз остидаги кадрлари намойиш этилган, бироқ улар жуда хира ва ғалати эди.
Турли тушунарсиз вазиятлар юзага келган. «Эстония»нинг навбатчи капитани Аво Пихта аввалига омон қолганлар рўйхатида бўлган, гувоҳлар ҳатто уни қутқарилганлар билан бир қаторда автобусда кўрган, янгиликлар дастурининг бирида намойиш этилган ҳам. Кейинроқ ушбу кадрлар йўқолган, Пихтанинг ўзи ҳалок бўлганлар рўйхатида пайдо бўлган. Бу каби ҳолат қутқарилган бошқа инсонлар билан ҳам содир бўлган.
Кема нима сабабдан ҳалокатга учрагани бўйича турли версиялар тарқалган. Бироқ улар орасида энг ишонарлиси «Эстония» қурол-яроғ ташиш билан шуғулланган. Кўпчилик Эстония давлати Швецияга СССР тарқалганидан кейин мамлакатда қолган қурол-яроғларни етказган, деган версияни илгари сурган. Айрим тадқиқотчилар бу ҳатто ядровий каллакчалар ёки кобалт юклари бўлиши мумкин деб ҳисоблаган.
Юк шведлар қўлига тушишини истамаган ғарб махсус хизматлари паромга бомба қўйган деган версия ҳам айтилган. Айрим гувоҳлар буни тасдиқлаган ҳам. Масалан, Ралф Сирман исмли омон қолган швед кема корпусида улкан тешик пайдо бўлганини айтган.
2004 йилда Стокгольм порт божхонасининг собиқ бошлиғи Фрихамнен Хенрикссон журналистларга «Эстония» пароми ростдан ҳам бир неча бор юк ташигани, божхоначиларга уни кўздан кечиришга рухсат берилмагани ва катта эҳтимол билан унинг бортида ҳарбий техника бўлганини айтган. Шундан кейин, яна комиссия тузилиб, божхоначининг сўзлари рост эканини тасдиқлаган. Аммо бу ҳеч нарсани ўзгартирмаган.
2019 йилнинг баҳорида швециялик ҳалок бўлганларнинг қариндошлари судга мурожаат қилиб, янги тергов бошлашни сўраган. Даъво аризасини Эстониядагилар ҳам қўллаб-қувватлаган, аммо иш жойидан қўзғалмаган.
2020 йилнинг 28 сентябрь куни Discovery телеканали «Эстония: барчасини ўзгартириб юборадиган топилма» номли ҳужжатли фильмни эълон қилган. Фильмни яратган жамоа сув остида суратга олиш ишларини амалга ошириб, кема корпусида торт метрли тешикни намойиш этган. Топилма бахтсиз ҳодиса уюштирилган бўлиши мумкин деган версияга исбот бўла олади.
Норвегия флотининг учинчи даражали капитани Франк Бёррсен портловчи моддаларнинг кемаларга таъсирини ўрганиб, суратга олиш гуруҳи тасвирларини кўздан кечирган ва портлаш эҳтимолини жуда кам деб баҳолаган. Мутахассиснинг тахминича, гап ташқи таъсир ҳақида кетмоқда — «Эстония» корпуси тўқнашган катта объект металл конструкцияга шикаст етказган.
Москвани 20 йил бошқарган Лужковнинг истеъфоси
2010 йилнинг 28 август санасида Россия президенти Дмитрий Медведев Москва мери Юрий Лужковни ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.Юрий Лужков Россиянинг энг йирик шаҳрини 18 йил, мер Гаврил Петров даврида шаҳар ҳокимиятида унинг ўринбосари билан ишлагани инобатга олинса, 20 йил бошқарган. У Борис Ельцин ва Владимир Путиндан ташқари, ўз даврида номини қолдирган ягона замонавий рус сиёсатчиси эди. Шунингдек, совет ва посцовет даврини кўрган шаҳарнинг асл москвалик мери.
Москва тарихида унингчалик зиддиятли мер бўлмаган. Унинг деярли барча фазилатлари ва хатти-ҳаракатлари мутлақо қарама-қарши баҳоларга сабаб бўлган. 1991 йилнинг 20 август тонгида Москва ҳарбий округи қўмондони генерал Калинин пойтахт ҳокимининг ўринбосарига қўнғироқ қилиб, шаҳарнинг коменданти этиб тайинланганини айтганида, Лужков унинг гапини бўлган: «Москва комендантларга муҳтож эмас». Шундан кейин у Оқ уй ҳимоячиларига овқат, кўчма ҳожатхона ва баррикада қуриш учун бетон блоклар олиб келиниши бўйича топшириқ берган.
1990 йиллар ўртасидаги иқтисодий инқироз даврида Лужков Борис Ельцинни қўллаб-қувватлаган. Марҳум президентнинг тарафдорлари ҳамон 1996 йилнинг баҳоридаги сайловолди митингини эслайди, ўшанда пойтахт мери микрофон кўтариб олиб, «Россия! Ельцин! Ғалаба!» деб бақирганди.
Лужков янги иқтисодиётнинг манбалари бошида турган инсонлардан бири бўлган, 1988—1990 йилларда у Москва шаҳар ижроия қўмитасининг кооператив ҳаракати комиссиясига раҳбарлик қилган. Шу билан бирга, у либерал иқтисодий моделга ва «ёш ислоҳотчилар»га жуда салбий муносабатда бўлган. 1992 йилда «ўзининг» шаҳрида қонунга хилоф равишда ваучерларни хусусийлаштиришни тақиқлаган.
Москва «шок терапия»дан Россиянинг бошқа шаҳарларига нисбатан енгил ўтган, пойтахтдаги ҳаёт даражаси мамлакат бўйича ўртачадан сезиларли даражада юқори эди. Бюджет ташкилоти ходимлари ва пенсионерлар мер томонидан жорий этилган яхшигина устамаларни олган, бунинг эвазига уни қўллаб-қувватлашган. Лужков тарафдорлари уни посцовет Россиясидаги энг самарали бошқарувчи деб атаган.
Лужков даврида пойтахтда катта ўзгаришлар бўлган. Катта саъй-ҳаракатлар билан Нажоткор Масиҳнинг собори қайта тикланган, Москва автомобиль ҳалқа йўли модернизация қилинган, юзлаб турар жой ва офис бинолари қурилган. Лужковнинг рақиблари уни шаҳар архитектурасини бузишда айблаган.
Лужков 1990 йиллар ўртасида Москвада «вертикал ҳокимият»ни қуриб, синовдан ўтказган. 1999 йилда унинг сиёсий таъсири энг юқори чўққига чиққан, ўшанда у Татаристон президенти Минтимер Шаймиев ва бошқа вилоятларнинг мерлари билан «Отечество» партиясини тузганди.
Россиялик катта сиёсатчилар орасида айнан Юрий Лужков оммавий равишда «Қрим масаласи»ни кўтариб, Россияга бутун яриморолни эмас, балки фақат Севастополнинг топширилишини талаб қилган. Бу каби нутқлари учун Украина ҳукумати 2008 йилнинг майида унинг мамлакатга киришини тақиқлаган.
Юрий Лужков қанчадир вақт хорижда яшаган, 2013 йилнинг июнида Калининград вилоятида агрофирма сотиб олиб, йилқичилик билан шуғулланган. 2015—2016 йилда собиқ мер сиёсий жиҳатдан фаоллашган: Москвадаги бозорларнинг бузилишини қоралаган, Россия Давлат думасида Владимир Комоедов номидан ишончли шахс сифатида чиқиш қилган. 2016 йилнинг январида 79 ёшли Лужков ва унинг 52 ёшли рафиқаси Елена Батурина ўзларининг «кумуш тўйи»да никоҳдан ўтган. У 2019 йилнинг 10 декабрь куни 83 ёшида вафот этган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)