Япониянинг Владивостокдаги консулхонаси ходими Россия қонунчилигини бузишда айбланиб, ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди. Япония Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Михаил Галузинни чақириб, консулнинг ҳибсга олиниши муносабати билан унга норозилик билдирди. Вазирлик раҳбари Ёсимаса Хаяси дипломат ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилмаганини айтиб, Москвадан расмий узр талаб қилди. Япония элчиси ҳозир озодликда, у 28 сентябргача Россияни тарк этиши керак.
«Япония ташқи ишлар вазири ўринбосари жаноб Мори Россиянинг Япониядаги элчиси жаноб Галузинни Ташқи ишлар вазирлигига чақирди ва у ерда кескин норозилик билдирди, Россия томонидан расмий узр талаб қилди. Мен Россия томонини Япония томонининг норозилиги ва таклифини жиддий қабул қилишга чақираман», — дейилади Хаясининг баёнотида. Вазир консулга нисбатан қўлланилаётган мажбурлов чоралари ҳақида гапириб, ҳибсга олиш ҳолатларини танқид қилди.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, 26 сентябрь куни Япония элчиси «пул эвазига Россиянинг Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларидан бири билан ҳамкорлигининг долзарб жиҳатлари, Ғарб санкцияларининг Приморск ўлкасидаги иқтисодий вазиятга таъсири тўғрисидаги махфий маълумотни олаётганда» ҳибсга олинган.
Япония вакили persona non grata деб эълон қилинди. У икки кун ичида Россияни тарк этиши керак.
Изоҳ (0)