Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Афғонистонга тегишли 3,5 миллиард долларлик захираларни Швейцарияга ўтказиш ва улардан афғон аҳолиси учун мақсадли тўловларда фойдаланиш тўғрисидаги АҚШ қарори халқаро ҳуқуқни бузишдир. Бу ҳақда «Толибон» ташқи ишлар вазирлиги баёнотига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: Reuters

Фото: Reuters

«Ушбу захираларни ҳеч қачон қандайдир тўловлар учун ишлатиб бўлмайди. Бу захираларни афғон халқининг розилигисиз бошқа мақсадларга сарфлаш АҚШ томонидан Афғонистоннинг иқтисодий барқарорлигига қарши ташланган салбий қадамдир», — дейилади ТИВ матбуот котиби Абдул Каҳар Балхийнинг тармоқларда чоп этилган баёнотида.

«Афғон халқининг бойликларини бошқа давлатга мажбуран ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунинг учун биз барча халқ ва томонларни ушбу ноқонуний ва репрессив ҳаракатларни қоралаб, афғон халқини бу борада қўллаб-қувватлашга чақирамиз», — дейилади ҳужжатда.

Қайд этилишича, Афғонистондаги гуманитар инқирознинг асосий сабаблари «Американинг 20 йиллик уруши, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган собиқ ҳукуматда кенг тарқалган коррупция ҳамда ҳукумат алмашганидан сўнг Афғонистон ва унинг банк секторига қарши санкциялар жорий этилиши бўлиб, хусусан, ушбу санкциялар инвесторларнинг янги иқтисодий имкониятлардан фойдаланишига тўсқинлик қилмоқда».

«Толибон» таъкидлашича, «агар захиралар афғонларнинг қонуний талабларини инобатга олмасдан сарфланса, улар ушбу ноқонуний амалиётга ҳисса қўшаётган ва Афғонистон Миллий банки захираларидан нотўғри фойдаланишга интилаётган барча шахслар, муассасалар ва компаниялар фаолиятини тақиқлашга мажбур бўлади».

АҚШ Афғонистон марказий банкининг чет элдаги миллиардлаб активларини Швейцария мақсадли фондига ўтказишни режалаштираётгани ҳақида Reuters хабар берган эди.  Бунда тўловлар халқаро кенгаш ёрдамида амалга оширилади ҳамда АҚШ ва БМТ санкциялари остида бўлган «Толибон» етакчиларини четлаб ўтади. Манбаларнинг таъкидлашича, АҚШ расмийлари Швейцария ва бошқалар билан мақсадли фонд режасини муҳокама қилган.

Жо Байден маъмурияти томонидан мусодара қилинган 3,5 миллиард доллар биринчи ўринда мақсадли фондга ўтказилиши ва Афғонистоннинг Жаҳон банки олдидаги қарзини тўлаш, шунингдек, афғоний пул бирлигини босиб чиқариш, миллий валюта ва паспортларни чиқариш учун ишлатилиши мумкин.

 

 

Изоҳ
Асосий янгиликлар