Германия июль ойида Россиядан 2,9 миллиард еврога маҳсулот импорт қилган, чунки энергия нархининг ошиши мамлакатнинг Россия билан савдо-сотиқни тўхтатишга уринишларини пучга чиқарган. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Германиянинг Россиядан импорти қиймати 2021 йилнинг июлига нисбатан 10,2 фоизга ошган.
Бу ўсиш асосан энергетика секторидаги нархларнинг ошиши билан изоҳланди, чунки Россия газ етказиб беришни қисқартиргани Европанинг энг йирик иқтисодиётидаги уй хўжаликлари ва компаниялар учун энергия тўловларини оширмоқда.
Июль ойида Германия Россиядан 1,4 миллиард еврога нефть ва табиий газ импорт қилди, бу ўтган йилга нисбатан 1,6 фоизга кўпдир.
Россия кокс ва нефть маҳсулотлари импорти 0,5 миллиард еврога баҳоланди, бу 72,5 фоизга ўсишдир. Импорт қилинган Россия кўмири эса икки баробардан кўпроқ ўсиб, 0,3 миллиард еврога етди.
Маълумотларга кўра, Россиядан импорт қиймати ошган бўлса-да, Германия июль ойида ушбу мамлакатдан импорт қилинадиган товарларнинг умумий ҳажмини 45,8 фоизга камайтиришга муваффақ бўлган.
Шу билан бирга, Германиянинг Россияга экспорти қиймати жиҳатидан 56,8 фоизга камайди, чунки Германия АҚШ, Франция ва Нидерландия билан экспорт бизнесини кучайтирди.
Изоҳ (0)