Буюк Британиянинг янги бош вазири Лиз Трасс ўзининг иқтисодий дастури доирасида инфляция ва энергетика инқирозига қарши курашиш учун 130 миллиард фунт стерлинггача маблағ ажратишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги тегишли ҳужжатга таяниб хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, Трасснинг режаси британиялик оддий оила учун бир йиллик электр энергияси ва газ нархини 1971 фунт стерлинг (2300 доллар) ёки ундан пастроқ қилиб белгилашдан иборат. Шу тариқа дастурнинг умумий қиймати кейинги 18 ой ичида 130 миллиард фунт стерлингни ташкил қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Лиз Трасс 5 сентябрь куни Буюк Британиянинг янги бош вазири этиб сайланди. Унга Консерваторлар партияси аъзоларининг 57,4 фоизи овоз берди, Трасснинг асосий рақиби Риши Сунак эса 42,6 фоиз овоз билан қўллаб-қувватланди.
Сентябрь ойи бошида Трасс, агар бош вазир этиб сайланса, у фаолиятининг биринчи ҳафтасида электр энергияси нархи ошишига қарши кураш режасини тақдим этишини айтганди. Ўшанда у Британия расмийлари «ҳар куз ва қишда бу ҳолат такрорланмаслиги учун қийин қарорлар қабул қилиши зарурлигини» таъкидлаган.
Европада энергетика инқирози жорий йил бошидан бери давом этмоқда, ёзда у рекорд даражадаги жазирама ва Россияга қарши санкциялар туфайли кучайган. Хусусан, Британияда электр энергияси учун тўловлар рекорд даражага чиқди. Август ойи ўрталарига келиб, Буюк Британия аҳолисининг электр энергияси учун қарзи рекорд даражадаги 1,3 миллиард фунт стерлингга етди, инфляция эса 40 йил ичида биринчи марта 10,1 фоиздан ошди.
Изоҳ (0)