Германиянинг Лейпциг шаҳрида минглаб одамлар энергия нархи ошишига қарши кўчага чиқди. Маҳаллий Volksstimme порталига кўра, худди шундай митинг Магдебургда ҳам бўлиб ўтди. Аввалроқ Кёльн аҳолиси шундай талаблар билан акцияга чиққанди.
ОАВ хабарларига кўра, 5 сентябрдаги намойишларни бир неча партия ва альянслар, жумладан, сўлчи Диэ Линке ва ўта ўнгчи Фреи Саксен иттифоқи уюштирган. Кузатувчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Лейпцигдаги митингда 2000 дан ортиқ одам қатнашган.
«Светофор» коалицияси (Социал-демократик партия, Яшиллар ва Эркин Демократик партиядан иборат) фуқароларга инқироздан чиқишда ёрдам бериш учун 65 миллиард евролик ёрдам пакетини эълон қилганди. Бироқ намойишчилар бу етарли эмас, деб ҳисобламоқда.
Магдебург аҳолиси Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш ва «Шимолий оқим 2» қувурини ишга туширишни қўллаб-қувватлади. Полиция маълумотларига кўра, Собор майдонида 2000 га яқин намойишчи тўпланган. Ўта ўнгчи «Германия учун муқобил» партиясининг парламент гуруҳи раҳбари Оливер Киршнер газ нархининг юқорилигидан норозилик билдириб, Россиядан энергия импорт қилиш ҳажмини оширишга чақирди.
«Шимолий оқим 2 ни очиб юборинг, ақлдан озганлар», — дея ҳайқирди у нутқи давомида.
Эслатиб ўтамиз, ёнилғи ва озиқ-овқат нархи ошишига қарши намойишлар Европанинг бир қанча давлатларида аллақачон ўтказилган. 3 сентябрь куни Чехия пойтахти Прагада ҳукуматга қарши намойишга 70 минг киши чиқди. Акция «Биринчи навбатда Чехия» шиори остида ўтказилди, намойишчилар расмийлардан Украинадаги можаро бўйича бетарафлик позициясини эгаллашни талаб қилди.
2 сентябрь куни Россиянинг »Газпроми» «Шимолий оқим» газ қувурини номаълум муддатга бутунлай тўхтатиб қўйди, у Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Европага газ етказиб бериш учун асосий қувурга айланиб қолган эди. Газ қувури «Шимолий оқим»нинг ишлаб турган ягона турбинасида аниқланган носозликлар бартараф этилгунига қадар ишламайди. 2022 йил ёзида «Газпром» турли баҳоналар билан «Шимолий оқим» орқали етказиб бериш ҳажмини камайтирганди: 15 июль куни газ етказиш режали кўрсаткичнинг 60 фоизигача, сал кейинроқ эса 20 фоизигача қисқартирилди.
Изоҳ (0)