Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити ўтказилиши юзасидан Амир Темур мақбарасида таъмирлаш-тиклаш ишлари бошланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, тегишли ташкилотлар томонидан ушбу ёдгорликда реставрация ишларини бажариш мақсадида илмий асосланган хулосалар ёрдамида лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган ҳамда Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашида маъқулланган. Вазирлар Маҳкамасининг «2022 йилда туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига асосан Самарқанд шаҳрида жойлашган Амир Темур мажмуасида гумбаз ва девор олд қисми, галереянинг пол қисмлари ва пештоқ мукарнасларини қайта таъмирлаш учун 3 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Амир Темур мақбарасини реставрация қилиш ишлари бундан ярим асрдан зиёд вақт олдин, яъни 1941 йилда амалга оширилган бўлиб, 1996 йилда эса қисман таъмирлаш ишлари олиб борилган. 6 асрлик тарихга эга саркарда сағасанида олиб борилаётган реставрация жараёнлари Маданий мерос агентлиги назорати остида ва малакали уста-реставратор, хаттот, олим, инженерлар ва бошқа соҳа мутахассисларини жалб этилган.
2021 йилда Эрон ва Туркия давлатларидан келган малакали мутахассислар Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги моддий маданий мерос объектларини ўрганган. Экспертлар томонидан тарихий обидаларнинг ҳолати, уларда асрашга доир ишларни амалга ошириш юзасидан хулосалар берилган. Ҳозирда амалга оширилаётган ишлар ҳам айнан хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, жаҳоннинг етук мутахассисларининг илмий асосланган хулосалари асосида маҳаллий уста-реставраторлар томонидан амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этиладиган Амир Темур мақбараси Самарқанднинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, XIV аср охирида Темурий шаҳзода Муҳаммад Султон томонидан қурилган мадраса ёнида тикланган. Мақбара қурилиши Амир Темур ҳукмронлиги даврида бошланиб, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган.
Изоҳ (0)