Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Украинадаги «махсус ҳарбий операция» Учинчи жаҳон урушига йўл қўймаслик мақсадида ўтказилмоқда. Бу ҳақда Франциянинг LCI телеканалига берган интервьюсида Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев маълум қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: «РИА Новости»

Фото: «РИА Новости»

«Учинчи жаҳон уруши юз бермаслиги учун биз ҳамма нарсани қилишимиз керак, мамлакатимиз сиёсати ҳам айнан шунга қаратилган», — деди Медведев. Унинг аниқлик киритишича, агар Украина НАТОга қўшилиб, сўнг Россия ҳудудларига қарши ҳарбий операция бошлаганида, Учинчи жаҳон уруши бошланган бўлиши мумкин эди.

Медведев, шунингдек, «махсус операция» «максимал даражада эҳтиёткорона, мўътадил вариант бўйича бораётгани» ва Россия ҳарбийлари фақат Украина Қуролли кучларига қарши жанговар ҳаракатлар олиб бораётганини айтди.

«Агар вазият бошқача бўлганида эди, тушунганингиздек, бу ҳарбий кампания анча тезроқ якунланган бўлиши мумкин эди. Аммо Украина учун бутунлай бошқача оқибатлар юзага келган бўларди. Унинг инфратузилмаси батамом вайрон бўларди, қарор қабул қилиш марказлари, ҳокимият органлари йўқ қилинарди ва ҳоказо. Биз бундай йўлдан бормадик», — деди у.

Медведев таъкидлашича, ҳозир Россия томонидан ядро қуроли қўллаш учун асослар йўқ. Унинг эслатишича, бу фақат бировнинг ядровий зарбасига ёки «давлатнинг ҳаётига таҳдид солувчи бошқа хатти-ҳаракатларга» жавобан амалга ошиши мумкин.

Дмитрий Медведев Украинага бостириб кирилганидан кейин жамоатчилик маконида энг тажовузкор уруш ҳимоячиларидан бирига айланди. Шунингдек, у Ғарб ва Украина сиёсатчиларини ҳақорат қилиб, Украина келажакда «дунё харитасида мавжуд бўлишига» шубҳа билдирганди.

Аввалроқ Медведев Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари нима сабабдан уруш эмас, махсус ҳарбий операция эканини тушунтирар экан, ушбу операция нишонлари чеклангани, зарбалар эса фақат ҳарбий объектларга берилаётганини айтганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар