Президент қарорига мувофиқ Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, ҳарбий хизматдан резервга (истеъфога) бўшатилган (чиқарилган) фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш тартиби такомиллаштирилади, деб хабар бермоқда Telegram’даги «Нигоҳ» канали.
Қарорга кўра, ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида орттирилган касаллик ёки олинган жароҳати туфайли ҳарбий хизматни ўташга яроқсиз деб топилиб, резервга (истеъфога) бўшатилган (чиқарилган) Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларнинг, шунингдек, ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг, уларнинг хизмат муддатидан қатъи назар, оила аъзолари уй-жой билан таъминланади.
Ҳарбий хизматчилар бошқа вазирлик ва идоралар тизимига ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташ учун ўтказилганда, уларга берилган хизмат хонадонлари ҳам тегишли вазирлик ва идоралар тасарруфига ўтказилади.
Ҳарбий хизматчиларга ажратиладиган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасини аниқлашда уларнинг оила аъзолари билан бир қаторда қарамоғига олинган шахслар тоифасига аниқлик киритилади.
Шунингдек, умумий ҳарбий хизмат муддати 20 йил бўлган ҳарбий хизматни ўтаб резервга бўшатилган фуқаролар давлат ҳисобидан турар жой билан таъминланади. Шу билан бирга, уларнинг ОТМларда ўқиш даври ҳамда давлат органлари ва ташкилотларидаги меҳнат фаолияти йиллари ҳақиқий ҳарбий хизмат йиллари даврига қўшиб ҳисобланади.
Изоҳ (0)