Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида 24 август куни Тошкентда ташкилотга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Фото: «Дунё» ахборот агентлиги

Қайд этилишича, йиғилиш аввалида Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, ШҲТда кузатувчи давлат мақомида бўлган Беларусь ҳарбий идоралари раҳбарлари Тошкентдаги Ғалаба боғида ўрнатилган «Матонат мадҳияси» монументи пойига гул қўйган. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Қуролли Кучлари олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномаси ўқиб эшиттирилган.

Учрашувда халқаро ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган, мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгилаб олинган.

Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов «Тобора ривожланиб бораётган ШҲТ минтақамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга муҳим ҳисса қўшиб келмоқда», — дея таъкидлаган.

Учрашувда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ташкилот маконида хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарорликни таъминлаш, шу жумладан, COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этишда ўзаро ҳамкорликни давом эттириш масалалари келишиб олинган. Шунингдек, қуйидаги масалалар кўриб чиқилган:

  • ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини кенгайтириш ва кўмаклашишни давом эттириш;
  • ШҲТ ва бошқа минтақавий ҳамкор ташкилотлар ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш;
  • ташкилотга аъзо давлатлар Қуролли Кучлари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳарбий маданият соҳасида алмашувни мустаҳкамлашда муҳим платформа бўлган ҳарбий оркестрларнинг «Тинчлик навоси» фестивали ўтказилишини давом эттириш ва бошқа масалалар.
ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари йиғилиши якунлари бўйича қўшма коммюнике имзоланган. Ҳужжатда бир қатор тадбирлар, жумладан, қўшма машғулотлар ва ўқувлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Тадбир сўнгида ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг навбатдаги йиғилишини 2023 йилда Ҳиндистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар