Яқин Шарқ давлатлари нефть сотишдан кейинги тўрт йил ичида қўшимча 1,3 триллион доллар олади, бу эса уларнинг суверен бойлигини мустаҳкамлайди. Бу ҳақда Financial Times Халқаро валюта фонди (ХВФ) маълумотларига таяниб хабар берди.
«Яқин Шарқдаги нефть ва газ экспортчилари 2026 йилгача Украинадаги можародан олдинги прогнозларга қараганда қўшимча умумий даромадга эга бўлади», — деди ХВФнинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка департаменти директори Жиҳод Азур.
Унинг фикрича, бу маблағлар келажак учун, масалан, инновацион технологиялар, яшил энергия ва соғлиқни сақлашга сармоя бўлиши керак.
Financial Times эслатишича, «дунёдаги энг йирик ва фаол суверен жамғармалар» қаторига Саудия Арабистони (PIF), Қатар, Қувайт ва Бирлашган Араб Амирликларининг давлат жамғармалари киради.
«Бозор ўзгарувчанлигидан фойдаланиш мақсадида» улар 2008—2009 йиллардаги пандемия ва молиявий инқироз даврида нотинч Ғарб компанияларининг улушларини сотиб олди, дея қўшимча қилади нашр.
Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ал Сауд бошчилигидаги PIF иккинчи чоракда АҚШнинг Alphabet, BlackRock, Amazon, Microsoft ва бошқа етакчи компанияларига «инвестицияларни диверсификация қилиш учун» 7,5 миллиард доллар сармоя киритди.
Саудия Арабистони 2013 йилдан буён илк бор ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,5 фоизлик бюджет профицитини қайд этишни режалаштирмоқда ва иқтисодий ўсиш суръати 7,6 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда.
Аввалроқ Saudi Aramco’нинг даромади нефть бозорида яна бир рекорд ўрнатган эди.
Изоҳ (0)