Ўзбекистонда ҳокимлар фаолияти самарадорлигини баҳолашда жамоат транспорти ва инфратузилмаси сифати эътиборга олиниши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ҳудудларда йўловчи ташиш тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасида кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда ҳудуддаги автобус йўналишлари тармоғи, автобуслар сони, жамоат транспорти ва инфратузилмаси сифати, бажарилган иш ҳажмлари, молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлар каби кўрсаткичлар эътиборга олинади.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари Транспорт вазирлиги билан биргаликда ҳар йили камида бир марта шаҳар автобус йўналишларида қўлланилаётган йўлкира тарифлари амалдаги ҳақиқий харажатлардан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилишини таъминлайди.
Шунингдек, маҳаллий бюджетлар параметрлари шакллантирилаётганда шаҳар йўналишларида чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташиш натижасида ташувчилари кўрадиган зарарларни қоплаш учун маблағлар кўзда тутилишини ва ушбу маблағлар ташувчиларга белгиланган тартибда тўлаб берилишини таъминлайди.
Ушбу қонун лойиҳаси муҳокамаси 25 августга қадар давом этади.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда жамоат транспорти, таксилар фаолиятини тартибга солиш, аэропортлар бошқарувида Сингапур тажрибаси ўрганилади
Изоҳ (0)