Россиянинг «Вектор» давлат илмий маркази маймунчечакка қарши дори воситасини рўйхатдан ўтказиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«‘Вектор’» маймунчечакка қарши дори воситасини рўйхатдан ўтказиш учун ариза берди. Рўйхатга олинган сана: 08.08.2022. Савдо номи: НИОХ-14», — дейилади хабарда.
Геномик тадқиқотлар бўлими бош илмий ходими Сергей Шчелкуновнинг таъкидлашича, Россиянинг истиқболли деб қаралаётган НИОХ-14 препарати тиббий амалиётга киритилганидан сўнг маймунчечак вирусини ўз ичига олган ҳар қандай турдаги ортопоксвирусларга қарши самарали таъсирга эга бўлади.
НИОХ-14 препарати клиник синовларгача бўлган барча босқичлардан ва кўнгиллилар иштирокидаги клиник синовларнинг биринчи босқичидан муваффақиятли ўтган. Таъсир қилиш принципига кўра, НИОХ-14 ингибитор (физиологик ва физик-кимёвий жараёнларнинг боришини секинлаштирувчи моддаларнинг умумий номи) ҳисобланади. Бу моддалар ташувчи ҳужайранинг таркибий қисмларида вирус қобиғининг шаклланишига тўсқинлик қилади, махсус оқсилни блоклаб, вирус фаолиятини чеклайди.
Эслатиб ўтамиз, Россия Ўзбекистон, Арманистон, Қозоғистон ва Туркманистонга маймунчечак касаллигини аниқловчи тестлар ҳадя қилганди. «Роспотребнадзор» хизматининг маълум қилишича, маймунчечакни аниқловчи тест тизими «Вектор» давлат илмий маркази томонидан ишлаб чиқилган. Марказ тест тизимларини зудлик билан ишлаб чиқаргани, бутун Россия бўйлаб уни синовдан ўтказиш мумкинлиги ҳақида хабар берган.
Изоҳ (0)