Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Интерпол ММБ ходимлари томонидан халқаро қидирувда бўлган чет эл фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, тезкор қидирув тадбирлари ўтказиш чоғида Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимлари Қирғизистон Республикасида халқаро қидирувга берилган чет эллик фуқарони ушлашга муваффақ бўлган. Жиноятчи қирғизистонлик ходимлар томонидан расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва контрабандага шериклик айблови билан қидирувда бўлган.
Шу муносабат билан жиноят ҳаракатларининг оғирлигини ҳисобга олиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган. Интерпол Миллий марказий бюросининг Бишкекдаги ходимларига қидирувдаги шахс Қирғизистонга кейинги жиноий жавобгарликка тортиш учун экстрадиция қилинишидан олдин ҳибсга олингани ҳақида маълум қилинган.
Ҳозирда қўлга олинган шахсни Қирғизистонга экстрадиция қилиш масаласи Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан кўриб чиқилмоқда.