8 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларни имтиҳонлардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда мазкур соҳада янги тизимни жорий этиш мақсадида тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, сўнгги йилларда ҳайдовчилар томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, ўтган йилда республика бўйича 95 минг нафар ҳайдовчи 5 тадан кўп, 9 минг нафари 20 тагача, 700 нафари 50 тагача, 18 нафари 100 тагача қоидабузарлик содир этган. Натижада 10 мингдан зиёд авария содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳатланган.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, таклифлар берган. Ушбу соҳани рақамлаштириш ва ҳайдовчилар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мавжуд муаммоларни бартараф этишга замин яратишини эътиборга олиб, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган.