Жорий йил 19—21 июль кунлари Ўзбекистонда бўлган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси ўз ваколатига мувофиқ ва Ўзбекистонда конституциявий референдумни кузатиш бўйича расмий таклифномани кутиш баробарида оралиқ ҳисоботни эълон қилди. Бу ҳақда Дунё ахборот агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, ушбу баҳолаш асосида Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси ДИИҲБ бўлажак референдумни кузатиш бўйича фаолиятини ташкил қилиши керакми, деган саволни ўртага ташлаган ҳамда агар бунга зарурат бўлса, қайси фаолият тури аниқланган эҳтиёжларга мос келишини тавсия қилган. Миссия вакиллари Ўзбекистонда бўлган кунлари давлат муассасалари мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувлар ўтказилган.
Ҳужжатда ДИИҲБ ташрифни ташкил этишда кўрсатилган ёрдам ва ҳамкорлик учун Ташқи ишлар вазирлигига миннатдорлик билдиргани урғуланган.
Миссия вакиллари Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси жараёни икки марта узайтирилиб, 1 август куни якунланганини қайд этган. Умумхалқ муҳокамаси тугагач, Конституциявий комиссия қонун лойиҳасини якунлаши ҳамда парламент палаталарига тасдиқлаш учун янги матнни тақдим этиши, шундан сўнг референдум санаси белгиланиши таъкидланган.
Ҳисоботда ДИИҲБ ЭБМ вакиллари билан мулоқот қилган аксарият кишилар таклиф этилаётган ўзгартишларни ижобий баҳолагани айтилган.
Конституциявий референдум натижалари мажбурийдир. Референдум ҳақиқий ҳисобланиши учун унда сайловчиларнинг 50 фоизи иштирок этиши керак. Уларнинг ярмидан кўпи ўзгартишларни маъқуллаб овоз берган тақдирда қонун лойиҳаси тасдиқланади. МСК маълумотларига кўра, сайловчилардан конституциявий тузатишларнинг тўлиқ жамланмаси бўйича «Ҳа» ёки «Йўқ» деб жавоб бериш сўралади.
Референдумлар биринчи навбатда 19920йилда қабул қилинган Конституция, 1991 йилги «Референдум тўғрисида»ги қонун ва 2019 йилги Сайлов кодекси билан тартибга солинади. «Референдум тўғрисида»ги қонунга охирги марта 2022 йил март ва июнь ойларида ўзгартишлар киритилган бўлиб, улар, асосан, 2019 ва 2021 йилларда Сайлов кодексига киритилган ўзгартишларни, жумладан, референдумда низоларни ҳал қилиш жараёнининг самарадорлигини ошириш, қуйи комиссиялар аъзоларининг бетарафлик талабини жорий этиш, чет элда овоз бериш тартиби, шунингдек, қатор техник тузатишларни акс эттирган. ДИИҲБ ЭБМ суҳбатдошларининг аксарияти сайловчилар рўйхатининг аниқлиги бўйича эътироз билдирмаган.
Референдумни ташкил этиш билан боғлиқ барча харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланиши баён қилинган. Қонунга кўра, жамоат бирлашмалари, корхоналар, юридик шахслар ва фуқаролар референдум ўтказиш учун маблағларни МСКга хайрия қилиши мумкин.
Референдумга тайёргарлик ишлари давом этаётгани таъкидланган. Марказий сайлов комиссияси бошқа давлат муассасалари билан биргаликда барча даражадаги референдум комиссиялари аъзолари учун интерфаол каскадли тренинг ўтказишни режалаштирмоқда.
Халқаро кузатувчилар МСКда аккредитациядан ўтказилади. Қолганлар эса референдум ўтказиш бўйича округ комиссияларида рўйхатга олинади.
ДИИҲБ ЭБМнинг барча суҳбатдошлари референдум жараёнини мустақил равишда кузатиш лозимлигини ва бу борада ДИИҲБнинг мониторинг фаолияти зарурлигини таъкидлагани билдирилган. Суҳбатдошларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятларини бажариш борасидаги саъй-ҳаракатларида ДИИҲБ муҳим ўрин тутишини урғулагани баробарида давлат органларига ДИИҲБ томонидан кўрсатилаётган ёрдамни қайд этган. Меъёрий-ҳуқуқий базага киритилган сўнгги ўзгартишлар ДИИҲБ томонидан илгари сайлов куни ва овозларни ҳисоблаш билан боғлиқ қайд этилган муаммоларга тааллуқли бўлмаганига қарамасдан, ДИИҲБ ЭБМ суҳбатдошларининг аксарияти референдум учун ушбу масалалар юзасидан ташвиш билдирмаган. Шу билан бирга, улар жараённинг минтақавий жиҳатларини, хусусан, меъёрий-ҳуқуқий базага риоя қилиш, референдум маъмурияти томонидан референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шунингдек, референдумни оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалаларини ҳисобга олган ҳолда узоқ муддатли кузатув миссиясини юбориш зарурлигини таъкидлаган.
Шунга асосланиб, ДИИҲБ ЭБМ конституциявий референдумни кузатиш учун Чекланган кузатув миссиясини (ЛРОМ) юборишни тавсия қилди. ДИИҲБ ЭБМ асосий экспертлар гуруҳига қўшимча равишда бутун мамлакат бўйлаб референдум жараёнини кузатиш учун ЕХҲТ иштирокчи давлатларидан 14 нафар узоқ муддатли кузатувчиларни жўнатишни тавсия қилди. ДИИҲБ стандарт методологиясига мувофиқ, жараён ОАВ мониторинг элементини ҳам ўз ичига олади.
Мавзуга доир:
- Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси якунланди
- Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси: Иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмайди
- Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум ўтказувчи участка комиссиялари ташкил этилади