Таиланд шарқида жойлашган Чонбури провинциясидаги Моунтаин Б тунги клубида содир бўлган ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 35 киши жароҳатланди. Бу ҳақда полицияга таяниб, «РБК» хабар берди.
Ёнғин 5 августга ўтар кечаси бошланган. Қурбонларнинг барчаси — Таиланд фуқаролари.
Маҳаллий Thairath телеканали таъкидлашича, бинонинг томи ёнувчи материаллардан қурилгани туфайли олов жуда тез тарқалиб кетган. Қўшимча чиқиш йўллари йўқ хонада фақат битта эшик бўлган, шу сабабли одамлар тунги клубдан чиқа олмаган. Воқеа гувоҳларидан бирининг телеканалга айтишича, ёнғин шифтдан бошланган, бир неча портлашлар бўлган.
Portal MGR online ёнғин ўчирилгани, бунинг учун қутқарувчиларга икки соатдан кўпроқ вақт керак бўлгани ҳақида ёзмоқда. Ёнғиннинг дастлабки сабаби сифатида қисқа туташув келтирилмоқда, дея таъкидлайди Thairath.
Июнь ойи охирида Таиландда мамлакат пойтахти Бангкок бозорларидан бирида ёнғин содир бўлган эди. Оқибатда икки киши ҳалок бўлган, олти нафар кўнгилли ўт ўчирувчи тутундан заҳарланиб, шифохонага етказилган. Ёнғинга дастлабки сабаб сифатида қувват трансформаторининг портлаши кўрсатилган.
Изоҳ (0)