Норвегия қироли Харальд V юқори ҳарорат билан касалхонага ётқизилди, унинг ҳолати барқарор деб баҳоланмоқда, деб ёзади «РБК» қироллик оиласи матбуот хизматига таяниб.
«Қирол олий жаноблари бугун юқори ҳарорат туфайли Миллий госпитал (Осло университети касалхонаси)га ётқизилди. Унинг аҳволи барқарор», — дейилади хабарда.
Қирол айнан қандай касалликка чалинганига аниқлик киритилмади. Шу йилнинг март ойида монарх коронавирус билан касалланиб ўтган эди.
Харальд V 85 ёшда. У 1981 йилдан буён Норвегияга ҳукмронлик қилиб келади. Мамлакатни нацистлар Германияси истило қилган вақтда бўлғуси қирол АҚШга эмиграция қилиб, болалигини ўша ерда ўтказган. Харальд V елканли спортга қизиқади, мамлакат термаси билан биргаликда уч марта Олимпия ўйинларида қатнашган. Норвегия қироли ҳуқуқи остида Харальд V ҳар йили тинчлик бўйича Нобель мукофотини топшириш маросимида иштирок этади.
Норвегияда қирол Конституцияга мувофиқ, давлат ва ижро этувчи ҳокимият раҳбари ҳисобланади. Аммо унга юкланган мажбуриятларнинг катта қисми тантанали хусусиятга эга.
Норвегия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, коронавирусга чалиниш ҳолатлари январда кескин камая бошлаган, сўнгги икки ҳафтадан буён мамлакатда ҳар куни 250—300 киши касалланмоқда. Пандемия бошидан буён жами 1,5 миллион норвегиялик вирусга чалинган, шуларнинг 3,6 минги вафот этган.
Изоҳ (0)