Айни пайтда ҳибсда сақланаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг сафдошлари Владимир Путиннинг собиқ рафиқаси Людмила Очеретная ҳақида фильм эълон қилди, деб ёзади Meduza.
Фильм бошланишида Мария Певчих президент собиқ рафиқасининг шахси ҳақида гапирган, бунда Навальний сафдошлари фикрича, Людмила Путина яширинча юритиб келган блогдаги маълумотларга таянган. Ушбу аккаунтдаги сўнгги пост 2008 йилда ёзилган.
44 дақиқалик роликнинг катта қисми унинг даромад манбаларига бағишланган, уларнинг асосийси, муаллифлар фикрича, Москвадаги «Волконский уйи»дир. У Людмила Путинанинг турмуш ўртоғи Артур Очеретний бошқарадиган «Шахслараро мулоқотларни ривожлантириш маркази» жамғармасига тегишли; унинг ўзига тегишли бўлган «Меридиан» компанияси эса ушбу биноларни субижарага (ижарага олинган мулкни қайта ижарага бериш) беради.
Фильмда айтилишича, сўнгги уч йил ичида «Шахслараро мулоқотларни ривожлантириш маркази» «Газпромбанк», «Северсталь» ва Москва ҳукуматидан 400 миллион рублдан ортиқ маблағ олган. Марказ томонидан тўланган харажатлар орасида — қимматбаҳо итальян мебели ва спорт тренерига миллионлаб тўловлар бор. «Меридиан» кўчмас мулк ижараси учун йилига юз миллионлаб даромад олади.
Фильм муаллифлари таянган банк проводкаларига кўра, Людмила Путина 2020 йил мартида «Меридиан»дан ўз шахсий ҳисобига 192 миллион рубль қабул қилган. Россия собиқ биринчи хоними, шунингдек, «Кармани» микромолиявий ташкилотида ҳамда смартфонларни ижарага берувчи «Запросто!» фирмасида улушига эга.
Фильмда Европадаги Артур Очеретнийга тегишли кўчмас мулк объектларининг дрондан олинган тасвирларини кўриш мумкин. Булар Биаррицадаги уй, Давосдаги квартира ва Малагадаги иккита квартирадир.
Мавзуга доир:
- Британия Алина Кабаева ва Путиннинг собиқ рафиқаси Людмила Очеретнаяга қарши санкциялар эълон қилди
- Владимир Путиннинг собиқ хотини ажралишдан кейин қандай пул ишлаб, уни қандай сарфламоқда?
- «НТВ» телеканали Путин собиқ хотинининг янги турмуши ҳақида сюжет тайёрлади
- Владимир Путиннинг собиқ хотини эрга теккани хабар қилинди
Изоҳ (0)