Шавкат Мирзиёев 4 август куни бўлиб ўтаётган давлат хизматини ислоҳ қилиш бўйича видеоселектор йиғилишида 3 ой муддатда «100 та илғор етакчилар» дастурини бошлаш кераклигини маълум қилди.
Йиғилишда таъкидланишича, туман ёки шаҳар даражасидаги раҳбарлик учун Салоҳиятли кадрлар резерви тузилади:
- унга номзодлар фақат маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан танлаб олинади;
- улар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади;
- ушбу ёшлар камида бир ой вазирлик ва ҳокимликларда иш ўрганиб, малака оширади;
- хорижий мутахассислар билан бирга, уларнинг шахсий фазилатлари, психологик ҳолати таҳлил қилиниб, раҳбарлик кўникмалари шакллантирилади.
Мутасаддиларга йил якунига қадар Салоҳиятли кадрлар резерви учун ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан минг нафар номзодни танлаб, таклифлар киритиш топширилди.
«Куни кеча ярим йил якуни бўйича яхши натижа кўрсатган 65 нафар ҳоким ёрдамчиси ва 40 нафар ёшлар етакчиларини Салоҳиятли кадрлар резервига ўзим танлаб олдим», — деди президент.
Уч ой муддатда «100 та илғор етакчилар» дастурини бошлаш вазифаси қўйилди. Дастур доирасида давлат хизматчилари, фаол тадбиркорлар, хориждаги ватандошлар орасидан ҳар икки йилда 100 нафар салоҳиятли ёш кадрлар танлаб олинади. Улар учун алоҳида ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, хорижда стажировка ўташ тизими жорий этилади. Ўқитиш якуни билан ушбу кадрлар давлат тизимидаги нуфузли лавозимларга номзод бўлади.
Бундай дастур Бирлашган Араб Амирликларида ижобий натижаларини кўрсатгани таъкидланди.
Мавзуга доир:
- Шавкат Мирзиёев «раҳбарликка тасодифан келиб қолишнинг олди олинадиган» тизимга ўтилишини маълум қилди
- Ўзбекистонда ўтган 6 ойда билим ва кўникмалари етишмагани боис 37 нафар туман ва шаҳар ҳокими алмаштирилди
- «Ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик кадрлар танлашни олийгоҳлардан бошлаши зарур» — Шавкат Мирзиёев
Изоҳ (0)