Ҳиндистоннинг Ченнаи шаҳрида Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси давом этмоқда.
Ортда қолган 5 турдан кейин Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси учинчи ўринда бормоқда. Ҳиндистон-2 жамоаси пешқадам бўлиб турибди, Арманистон кейинги поғонадан жой олган.
3 август куни ўзбекистонликлар мусобақага иккинчи рақамда сараланган ва айни вақтда 4-поғонада бораётган Ҳиндистон терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистон ортда қолган турларда Непал (4:0), Фарер ороллари (4:0), Словения (3:1) ва Словакияни (4:0) ютган бўлса, АҚШ билан дуранг (2:2) натижа қайд этди.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Гана (4:0), Замбия (4:0), Доминиканни (3:1) мағлубиятга учратди. АҚШ (1:3) ва Вьетнамга (0,5:3,5) имконият бой берилди. Ўзбекистонлик қизлар 3 август куни Шотландия терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.
Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси шарафини Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидов ҳимоя қилмоқда. Аёллар терма жамоасига эса Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Мафтуна Бобомуродова, Афруза Ҳамдамова ва Маржона Маликова жалб қилинган.
Изоҳ (0)