Марказий банк томонидан ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари қайта кўриб чиқилди. Бу ҳақда пул кредит сиёсати шарҳида қайд этилган.
Янгиланган прогнозларда қуйидаги жиҳатлар инобатга олинган:
- 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича шаклланган статистик маълумотлар;
- ташқи иқтисодий вазиятлар бўйича ноаниқликлар;
- ялпи талабнинг шаклланиши;
- таклиф бўйича кутилаётган тенденциялар;
- ички иқтисодиётга таъсирлар.
2022 йилнинг апрель ойида ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 2022 йил учун прогнози 3,5-4,5 фоиз этиб белгиланган эди.
Марказий банк биринчи ярим йилликда иқтисодий фаолликнинг кутилганидан юқори даражада шаклланганлиги сабаб ЯИМнинг реал ўсиши 5-5,5 фоиз атрофида бўлишини тахмин қилмоқда.
2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида макроиқтисодий кўрсаткичлар кутилганидан юқори даражада шаклланди. Хусусан, иқтисодиёт тармоқларида юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолди, пул ўтказмалари ҳажми кескин ошди, экспорт ва импорт ҳажмлари юқори суръатларда ўсди, — дейди Марказий банк.
Бундан ташқари Ўзбекистонга кириб келадиган пул ўтказмалари ҳажмини жорий йилда 30-40 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда.
Марказий банк томонидан жорий йилнинг апрель ойида 2022 йилда инфляция даражаси 12-14 атрофида бўлиши прогноз қилинган эди.
Бунда асосий савдо ҳамкорларда кузатилаётган юқори инфляция даражаси, жаҳон бозорида хом ашё ва озиқ-овқат нархларининг кескин ошиши ва импорт товарлари бўйича логистик муаммоларнинг таъсирлари инобатга олинганди.
Энди эса йил охирига келиб Марказий банк томонидан инфляция даражаси 12-14 фоиздан пастда бўлиши прогноз қилинмоқда.
Бунда юзага келаётган инфляцион жараёнлар билан бир қаторда мавжуд ноаниқликлар ва хатарлар инобатга олинган.
Изоҳ (0)