Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида жойлашган хусусий корхонага қарашли қурилиши тугалланмаган бинода ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ФВБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Таъкидланишича, 2022 йилнинг 31 июлидан 1 августига ўтар кечаси соат 03:15 ларда Хўжаобод тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг навбатчилик қисмига тезкор хабар келиб тушган.
Хабарда туманнинг «Бешкарам» МФЙ ўрамида жойлашган «Ҳожимурод» хусусий корхонасига қарашли қурилиши тугалланмаган бинода ёнғин келиб чиққани маълум қилинган.
Мурожаатга асосан тезкорлик билан воқеа жойига иккита ёнғин қутқарув экипажи етиб бориб, соат 03:31 да ёнғин ўраб олинган. Бино томининг 15 кв/метр майдонидаги қисми ёниб зарарланган. Қолган 200 кв/метр майдони қутқарувчилар томонидан сақлаб қолинган. Ёнғин оқибатида куйиб тан жароҳати олганлар йўқ.
Ҳозирда ФВБ ходимлари томонидан ёнғин келиб чиқишининг асосий сабаблари ўрганилиб, келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Изоҳ (0)