Тошкент вилояти Янгийўл туманида 25 ёшли фуқарога туғилганлик ҳақида гувоҳнома расмийлаштирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, туман адлия бўлимига фуқаро Т.Г. 2022 йил январь ойида фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳнома олишда амалий ёрдам берилиши юзасидан мурожаат қилган. У 1997 йил 6 сентябрь куни Қозоғистоннинг Сариағаш вилояти Туркистон туманидаги туғуруқ мажмуасида қиз фарзандли бўлгани маълум қилинган.
Турмуш ўртоғи билан оилавий келишмовчиликлар сабабли фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳномаси олмагани ва Ўзбекистонда ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларда камчиликлар бўлгани туфайли шу кунга қадар фарзандига туғилганлик ҳақида гувоҳномаси олмаганини билдирган.
Мурожаатни ўрганиш давомида туман адлия бўлими фуқаролик ҳолатларни расмийлаштириш бўлими томонидан фуқаро Қозоғистоннинг Сарагаш вилояти Туркистон туманидаги туғуруқ мажмуасида туққани ва фарзанди шу кунга қадар туғилганлик ҳақида гувоҳнома олмагани юзасидан тегишли маълумотлар олиниб, 27 июль куни фуқаронинг фарзандига гувоҳнома топширилди.
Изоҳ (0)