Сурхондарё автомобиль йўлларида транспорт воситалари учун рухсат этилган ҳаракат тезлиги 130 километр соатгача этиб белгиланади. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, президент раислигида ўтказилган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чоралари юзасидан видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича республика ва вилоятларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар ўз фаолиятини бошлади.
Жумладан, Сурхондарё вилоятидаги халқаро аҳамиятга эга М39 автомобиль йўлининг инфратузилмаси кўрикдан ўтказилди. Аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, 120 километрдан ортиқ масофада транспорт воситалари учун рухсат этилган ҳаракат тезлиги 130 километр соатгача этиб белгиланади.
Бунда, М39 йўлининг
- 1 315—1 324-километрлари (Қашқадарё вилоятидан Сурхондарё вилоятига кириш) Оқработ аҳоли яшаш ҳудуди оралиғида 90 км/соат тезлик,
- 1 324—1 326-километрлари оралиғи “Шифобулоқ” маҳалласида 70 км/соат тезлик,
- 1 337—1 349-километрлари оралиғида 100 км/соат тезлик,
- Шеробод тумани ҳудудидаги 1 374—1 300-километрлари оралиғида 130 км/соат тезлик белгиланиши кераклиги аниқланди.
Шунингдек, М39 йўлининг 1 321—1 391-километрлари оралиғида хавфли бурилишларга жами узунлиги 7 километр бўлган йўл бетон тўсиқларни ўрнатиш, ушбу автомобиль йўлидаги мавжуд, лекин яроқсиз ҳолга келган 475 та йўл белгисини янгисига алмаштириш, 20 та хавфли бурилишларга жами 1 800 та йўл белгиларини ўрнатиш, 1 315-километридан 1 400-километригача йўл чизиқларини янгилаш, мазкур йўналишдаги мавжуд 6 та кўприкнинг қоплама қисми, тўлқинсимонлик ва дўнгликларини таъмирлаш ишларини амалга ошириш зарурлиги аниқланди.
Қайд этилишича, юқоридаги камчиликлар бартараф этилиши, шундан сўнг йўл қайта кўрикдан ўтказилиб, кўрсатилган километрлар оралиғида тавсия этилган тезлик жорий этилиши мақсадга мувофиқлиги маъқулланди.
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров тезлик учун чеклов жой, вақт ва заруратига қараб белгиланиши кераклигини айтганди.
“Масалан, магистрал йўл, масофа узоқ, аҳоли яшаш пункти эмас, нега 130 юриш мумкинмас?”, деган эди депутат.
Қизил чироқда ўтиш, чекланган жойда икки карра тез юриш, авария хавфи яратиб қасддан тартибсиз ҳаракатлар учун эса жаримани босиш кераклигини, лекин айрим жазолар бўйича ҳайдовчиларнинг ҳам фикри билан қизиқиш зарурлигини айтганди.
Изоҳ (0)