Италия ҳукумати Сицилия оролини Калабрия вилояти билан боғлайдиган, дунёдаги энг узун осма кўприкни қуришга рухсат берди. Лойиҳа 13,5 миллиард еврога баҳоланган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Кўприк Ўрта Ер денгизидаги энг сейсмик фаол ҳудудлардан бирида қурилади. Мутасаддилар у зилзилаларга бардош бера олишини таъкидламоқда. Бу Италия ҳукуматининг Мессина кўприги лойиҳасини амалга оширишга бўлган сўнгги уринишидир. Олдинги режалар юқори харажатлар, экологик хавфлар, хавфсизлик муаммолари ва ҳатто мафиянинг аралашуви хавфи туфайли бекор қилинган.
Бош вазир Жоржа Мелони лойиҳа осон амалга ошмаганини тан олиб, уни “Италиянинг бугуни ва келажагига қилинган сармоя” деб атади.
Якуний лойиҳага кўра, Мессина бўғози устидаги кўприк 3,3 километрга чўзилади. У 400 метр баландликдаги иккита устун орасида жойлашади. Кўприк ўртасидан иккита темир йўл линияси ўтади, ён томонларида эса автомобиль йўлаги бўлади.
Транспорт вазири Маттео Салвинининг айтишича, иншоот 2032—2033 йилларда қуриб битказилади. Лойиҳа йилига 120 мингта иш ўрни яратади ва иқтисодий ўсишга туртки бўлади. Сицилия ва Калабрия — Европадаги энг камбағал ҳудудлардан бири ҳисобланади.
Лойиҳа ҳали Италия Ҳисоб палатаси ва атроф-муҳит агентликлари (миллий ва Европа Иттифоқи даражасида) томонидан тасдиқланиши керак бўлади. Шунингдек, бўғознинг икки томонида яшовчи ва уйлари бузилиши мумкин бўлган маҳаллий аҳолининг розилиги олиниши лозим. Улар қарорга қарши судга мурожаат қилиши мумкин. Бу эса қурилишнинг кечикишига ёки бутунлай тўхтаб қолишига олиб келади.
Изоҳ (0)