Ўтган ҳафта давомида аномал иссиқ ҳаво ҳарорати сабабли табиий равишда электр энергиясига бўлган талаб энг юқори истеъмолни ташкил қилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон бўйича ўтган ёз мавсумида ҳаво ҳароратининг энг юқори, суткасида 224 миллион киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, жорий йилнинг 22 июль куни энг юқори истеъмол қайд этилиб, 237 миллион киловатт-соатни (6 фоизга кўп) ташкил қилди.
Тошкент шаҳрида истеъмол тарихий кўрсаткичга етиб, одатда куз-қиш мавсумида юқори бўладиган истеъмолдан ҳам ортди.
Яъни, ўтган 2021—2022 йиллар куз-қиш мавсумида Тошкент шаҳрида энг юқори истеъмол 24 миллион киловатт-соатни ташкил қилган бўлса, жорий йил 22 июль санаси бу кўрсаткич 27,5 миллион киловатт-соатга етди ёки 15 фоизга кўпроқ бўлди.
Истеъмолнинг бундай ошишига янги биноларнинг қурилиши, ишлаб чиқариш корхоналарининг ишга туширилиши сабаб бўлган.
Шу билан бир қаторда айрим хонадонларда электр энергиясининг суткалик истеъмоли 1000 киловатт-соатгачага етгани ёки ўртача хонадоннинг 4-5 ойлик электр энергияси истеъмолини бир кунда истеъмол қилиши ҳам бу кўрсаткични кескин ошишига олиб келган.
Энергетика вазирлиги ҳаво ҳароратининг иссиқ кунларида электр қурилмаларида юкламанинг ортиб кетиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган йирик носозликларни олдини олиш ва электр энергияси етказиб берилишининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида, истеъмолчилардан имкон қадар ушбу ресурсдан тежамкорлик билан фойдаланишларини эслатиб ўтади.
Изоҳ (0)