Самарқанд вилояти Булунғур туманида олтин металл қотишмаларини олиб кетаётган автоулов тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Булунғур тумани бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда туман ҳудудидаги «Юқори нуқта» ЙПХ масканида Hyundai Elantra русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб кўздан кечирилганда ҳайдовчи Н.М. жами оғирлиги 1 килограмм 100 грамм бўлган, умумий баҳоси 703,9 миллион сўмлик 10 дона олтин металл қотишмасини Тошкент шаҳрига ўтказиш мақсадида олиб кетаётгани аниқланиб, улар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)