Украинадаги вазият туфайли тўйиб овқатланмаслик муаммоси дунёда 40 миллионга яқин одамда кузатилади. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) бош иқтисодчиси Максим Тореро маълум қилди.
«Агросаноат соҳаси ҳозир жиддий ноаниқлик ҳолатида. Агар биз Украина атрофидаги вазиятни башорат қилсак, 2022 йилда сурункали тўйиб овқатланмасликдан камида 40 миллион киши азият кечади», — деди Тореро.
Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда 70 миллиондан ортиқ одам очлик муаммосига дуч келиши мумкин.
Июнь ойининг охирида Bloomberg шарҳловчиси Аманда Литтл АҚШда ўсиб бораётган очлик эпидемияси вақтинчалик муаммодан доимий ҳақиқатга айланганини айтган эди.
2021 йилда ҳар олти америкаликдан бири озиқ-овқат банкларига ёрдам сўраб мурожаат қилган, дейди у.
Бу 2019 йилдаги 40 миллионга нисбатан 53 миллион кишини ташкил этади. Пандемия камайиб бораётганига қарамай, Қўшма Штатларда оч одамлар сони ўсишда давом этмоқда.
Аввалроқ БМТ Украина ғалласи бўйича музокаралар тўхтагани сабабли очлик хавфидан огоҳлантирган эди.