«Нима, янами?», «Ҳозир увуллавораман», «Хизматчиликда-а?» — болалигимиздан ёд бўлиб кетган жумлалар. «Кўппак ва бўри» мультфильмини ҳамма томоша қилган. Аммо кўпчилик дастлаб бўри бутунлай бошқача кўринишда бўлганини билмайди.
Пионерлар ўрнига
Аниматор ва режиссёр Эдуард Назаров ўзининг янги фильми учун сценарийни қўлига олгач, ҳафсаласи пир бўлади: у пионерлар ва коинот ҳақидаги мультфильмни суратга олишни истамайди.
Ўшанда рассомнинг хаёлига болалигида ўқиган «Цирко» эртаги келади. Эртак жуда қисқа эди — 15 қатор. Унда Эдварднинг қалбига сингиб кетган жумла ҳам бор эди —«Ҳозир увуллавораман!».
Назаровнинг миясидан кейинчалик дўст бўлиб қолган икки душман ҳақидаги эртак тинимсиз айлана бошлайди. «Мен бўри ва ит қандай ҳаёт кечирганлиги, улар ёшлигида қандай бўлганлиги ҳақида ўйлай бошладим. Шундай қилиб воқеалар секин-аста ривожлана бошлади», — дейди кейинчалик режиссёр.
Суратга олиш учун тайёргарлик
Назаров мультфильмни яратиш учун материалларга жуда жиддий ёндашади: у Украинага боради, у ерда кўплаб музейлар ва қишлоқларни зиёрат қилади. Ҳамма жойда эскизлар яратади, бунинг натижасида асл кийимлар, идиш-товоқлар, уй анжомлари ва бошқа майда-чуйда нарсалар экранга кўчади.
Эдуард мультфильм мусиқасини Украина ССР Фанлар академиясининг Фольклор ва этнография институтидан олади: унга Украинанинг энг чекка қишлоқларида этнографлар томонидан яратилган украин қўшиқларининг ёзувлари тақдим этилади. Улар орасида мультфильмга киритилган ва барча томошабинлар хотирасида қолган «Ой там на гори» композицияси ҳам бор эди.
Цензура ва ўзгартиришлар
Дастлаб мультфильмга «Итнинг ҳаёти» деб ном берилади. Аммо бу ном раҳбарларга шубҳали туюлади: муаллифлар нимага ишора қилмоқда? Иттифоқ республикаларида одамлар ғайриинсоний шароитларда яшаяптими? Шундай тарзда нейтрал ном — «Қадим замонда ит бўлган экан» деб номлашади.
Картина вақти ҳам қисқартирилади: Назаров мультфильм 15 дақиқа давом этишини режалаштирганди. «Мен эртакни батафсил айтиб беришни хоҳлардим, аммо вақт қисқартирилганидан баъзи гаплар тез айтишга айланиб кетди», — дейди режиссёр кейинчалик. У бўри ва итнинг тоғда ўтириб, ой нури остида увуллаши саҳнасига кўпроқ вақт ажратмоқчи бўлган.
Янги бўри
Бўрига таниқли совет актёри ва режиссёри Михаил Улянов овоз бериши керак эди, у ўша вақтга қадар ўнлаб фильмларда рол ўйнаганди. Аммо улар театр ва кино юлдузи билан боғланишганида, у банд экани маълум бўлади — актёр бошқа картина устида ишлаётганди.
Кейин Назаров унчалик машҳур бўлмаган Армен Жигарханянни таклиф қилади. Кейинчалик маълум бўлишича Жигарханяннинг овози бўрига мос келмайди. Зудлик билан бўри эскизи қайта чизилади. Натижада мультфильм қаҳрамони актёрга жуда ўхшаш бўлиб қолади ва Назаров Армен буни масхаралаш деб билишидан хавотирлана бошлайди.
«Пианино устида бош қаҳрамонларнинг эскизлари турганди. Армен пианинога яқинлашди ва мен чизган ўша бўрига қаради. Мен Жигарханян ҳозир хафа бўлиб, мени ўлдиради деб ўйладим. Аммо у бўрига бироз қараб турди ва хириллоқ овозда шундай деди: «Ёмон эмас. Яхши бўри. Қани, энди ишга киришайлик».
Кутилмаган муваффақият
Мультфильм 1982 йилда экранларга чиқади ва ҳақиқий сенсацияга айланади. Данияда у V Эртаклар кинофестивалида биринчи ўринни эгаллайди, Францияда Анси махсус мукофотини ва Type’да биринчи ўринни эгаллайди. Мультфильм Россияда ҳам XVI Бутуниттифоқ кинофестивалида биринчи мукофотга лойиқ деб топилади.
Орадан 30 йил ўтди, лекин кўп нарса ўзгармади: 2012 йилда Суздал анимацион фильмлар фестивалида мультфильм сўнгги 100 йилдаги энг яхши картина деб топилди. Эдуарддан қандай қилиб ҳамма севадиган эртакни яратганини сўрашганида, у шундай жавоб берган: «Ўзингиз учун фильм суратга олиш — бу тентаклик. Картина суратга олаётганда томошабинлар фильмингизда ухлаб қолмаслиги ҳақида ўйлашингиз керак».
Мавзуга доир: