Олий Мажлис Сенатининг йигирма саккизинчи ялпи мажлиси 8 июль куни чақирилади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтадиган ялпи мажлис доирасида «Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида»ги, «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон давлат бюджетининг 2021 йил якунлари бўйича ижроси ҳамда 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш режалаштирилган.
Шунингдек, сенаторлар дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан ҳамда иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳасида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровларини юбориш масалалари муҳокама қилинади.
Ялпи мажлисда экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, мамлакатимизда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати, шунингдек, ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўровлари натижалари кўриб чиқилади.
Изоҳ (0)