Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистонда содир бўлаётган сўнгги воқеалар бўйича баёнот билан чиқди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Қозоғистоннинг қардош давлати, ишончли иттифоқчиси ва стратегик ҳамкори ҳисобланади. Шу боис Қозоғистонда Ўзбекистондаги воқеалар хавотир билан қабул қилинган.
«Биз Ўзбекистон олий раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган қарорларини олқишлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Энг муҳим сиёсий воқеа — Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум арафасида қардош Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик ҳукм суришига ишончимиз комил.
Қозоғистон 1998 йил 31 октябрдаги Абадий дўстлик ва 2013 йил 14 июндаги Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар, шунингдек, 2021 йил 6 декабрдаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация руҳида Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўналишига қатъий амал қилади», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)