Тажрибали MMA жангчиси Дональд Серроне 2 июль куни (Тошкент вақти билан 3 июль тонги) бўлиб ўтган UFC 276 мусобақасидан кейин фаолиятини якунлаганини маълум қилди.
«Ковбой» мазкур жангда америкалик Жим Миллерга таслим бўлди. Беллашувнинг иккинчи раундида Миллер Серронени бўғиш усули билан мағлуб этди.
«Энди буни ёқтирмайман. Жангларга тайёргарлик кўриш учун қийинчилик билан бунга ўзимни мажбурладим ва бу ҳаётимдаги энг узун машғулот лагери бўлди.
Ҳеч нимадан нолимоқчи эмасман, бироқ энди бу ишни севмайман. Бу жуда азобли иш бўлди, бир кун келиб UFC Шон-шуҳрат залидан ўрин оламан деб умид қиламан», — дейди Серроне.
39 ёшли яккакурашчи профессионал MMA’да 53 та жанг ўтказиб, уларнинг 36 тасида ғалаба қозонган. Дональд UFC’даги фаолияти давомида 23 та ғалабага эришган ва бу промоушен рекорди ҳисобланади.
Изоҳ (0)