Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат аввалида давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни 65 ёшга тўлгани билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, биродар Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Гурбангули Бердимуҳамедовнинг замонавий Туркманистонни барпо этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик доирасида икки мамлакатнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳамедовни президент сайловидаги ғалабаси билан табриклади
Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари, шу жумладан Афғонистонда мустаҳкам тинчликни таъминлашга ва ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклашга кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Туркманистон пойтахтида ўтказилаётган олтинчи Каспий саммити муваффақиятли ўтишини тилади.
Ўзбекистон президенти бундан аввал 16 май куни Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилиб, Туркманистон томонини 12–13 май кунлари Ашхобод шаҳрида халқаро тадбирлар — Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиянинг биринчи Парламентлараро форуми ҳамда Хотин-қизлари мулоқоти муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаганди.
Изоҳ (0)