Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққул 73 ёшда вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси хабар берди.
Филология фанлари доктори Иброҳим Ҳаққул 1949 йил 28 мартда Бухоро вилояти Шофиркон тумани Талижа қишлоғида зиёли оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1966—1970 йилларда Бухоро давлат педагогика институтида таҳсил олган.
Иброҳим Ҳаққул 1970—1972 йилларда «Шофиркон ҳақиқати» газетасида бўлим бошлиғи ва муҳаррир вазифаларида ишлаган.
Унинг «Навоий ва Мавлоно Ашраф», «Дарё каби ҳамиша уйғоқ...» каби илк адабий мақолалари шу газетада босилиб чиққан.
Олим 1972 йилдан то ҳозирга қадар Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида фаолият юритиб келаётган эди.
Иброҳим Ҳаққул 1976 йили «Ўзбек адабиётида рубоий» мавзусида номзодлик, 1995 йили «Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти» мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Изоҳ (0)