Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Ёмон қонунлар ва яхши амалдорлар билан мамлакатни бошқариш мумкин. Аммо амалдорлар ёмон бўлса, энг яхши қонунлар ҳам ёрдам бермайди» – Отто фон Бисмарк

Енгил автомобилингизнинг тўртта ғилдирагидан биттаси ишдан чиқса, уни таъмирлайсиз, алмаштирасиз. Аммо ҳеч вақт ишламайдиган ғилдиракни жойида қолдириб, бешинчи ғилдиракни илдирмайсиз – бундай йўл тутиш мантиқсизлик бўлар эди.

Аммо, бизнинг мутасадди юқори бошқарув идораларимизнинг ҳаракатлари баъзида шундай мантиқсизликни эслатади: амалдаги қонунларнинг камчиликларини бартараф этиб, улар ижроси устидан назорат ўрнатишни таъминлаш ўрнига, яна бир янги қонун ҳужжатини қабул қилишни таклиф этишади.

Адлия вазирлиги томонидан Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилиши айни шундай вазиятга мисолдир.

Лойиҳа 15 кун – 30 майдан 14 июнгача Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида муҳокама учун жойлаштирилди. Қизиғи шундаки, жуда ҳажмдор (одатда, қўлланадиган 14 кегел шрифтида ҳажми 250 бет!) ва номланишига қараганда мамлакатимиз иқтисодиёти учун ўта муҳим лойиҳа жамоатчилик орасида ҳам, тадбиркорлик соҳаси вакиллари, юристлар, иқтисодчи-экспертлар орасида ҳам фаол муҳокама қилинмади. Портал маълумотларига қараганда, 105 тагина таклиф билдирилибди холос. Бундай «фаоллик»нинг асосий сабаби, фикримизча, амалдаги бир неча қонунларни бирлаштирувчи бундай умумий қонун ҳужжатини қабул қилишга ҳеч қандай зарурат йўқлигида.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда иқтисодий соҳада чуқур ўзгаришлар амалга оширилди. Ислоҳотлар ҳали охирига етказилгани йўқ, улар фаол давом этмоқда ва иқтисодий тараққиётимизни таъминлаш учун мақбул тадбиркорлик муҳитини яратиш вазифаси тўлиқ бажарилди, дея олмаймиз.

Муаммо, фикримизча, тадбиркорликни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг ҳаддан зиёд кўплиги, ёки, аксинча, қандайдир қонун ҳужжатларининг етишмаслигида эмас, балки, биринчидан, ушбу амалдаги қонун ҳужжатларидаги, энг аввало, солиқ қонунчилигидаги камчиликларда; иккинчидан, қабул қилинган қонунларнинг бажарилиши устидан назоратнинг етишмаслигида.

«Мақбул тадбиркорлик муҳитини яратишга нима тўсқинлик қиляпти?» деган саволга: «Мутасадди идораларимиз, тадбиркорлик соҳаси вакиллари-ю, фикр-мулоҳаза юритиб, таклиф билдираётган эксперт-мутахассисларнинг аксариятида ўрнашиб қолган тадбиркорлик эркинлиги ва унинг устидан назоратнинг сунъий равишда қарама-қарши қўйилиши» деб жавоб берган бўлар эдим.

Аслида эркинлик ва назорат – битта танганинг икки томони: эркинлик деганда доим қонун-қоидалар доирасидаги эркинлик тушунилади, назоратсиз эса эркинлик бўлмайди.

Шу ўринда қуйидаги ўй-фикрлар оғир тош бўлиб хаёлга келади...

Ошинг ҳалол бўлса кўчада е, дейди халқимиз. Тадбиркор оши ҳалоллигини текшириб туриш керак. Масалан, бозор-удўконларимиз турли хил пишириқ-ширинликларга, колбаса маҳсулотлари-ю, сариёғларга тўла. Биз истеъмол қилаётган ушбу маҳсулотлар сифат стандартларига қай даражада жавоб беради? Улар саломатлигимизга зарар етказадиган сунъий моддалар билан «бойитил»маганлигига ким кафолат беради? Нега буханка нони бир кундан кейин моғорлаб, истеъмолга яроқсиз бўлиб қолади ва натижада, ҳатто яқинда нархи ошгандан кейин ҳам, мол-паррандага ем бўлмоқда? Тадбиркор новвойларимиз миллий нонларимиз таркибига товар таъми ва кўриниши бозорбоп бўлиши учун зарарли ёғлар-у сунъий қўшимчаларни қўшмаётганларини кимдир текширяптими? Бундай зарурий текширишлар ҳам тадбиркорлик эркинлигини чеклашми?

Назоратни, текширувларни тадбиркорликни чекловчи омил сифатида қарамаслик лозим!

Мамлакатимизда 2020 йилдан янги Солиқ кодекси амалга киритилди, солиқ тизимида кескин ўзгаришлар юз берди. Аммо, мақбул солиқ тизими яратилгани йўқ. Бунинг тасдиғи сифатида солиқ назоратида рақамли дастурларни қўллашда юзага келаётган солиқ идоралари билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги тушунмовчиликларни айтишнинг ўзи кифоя.

Ҳамма гап шундаки, рақамли 21-аср Солиқ кодексининг солиқ текширувлари бобидаги қоидалари ўтган 20-аср, яъни рақамли технологиялар қўлланилмаган даврда қарор топган тамойилларга асослаган. Бу биргина мисол холос ва бу ҳақда биз бир неча бор ёзганмиз.

Солиқ тизими тадбиркорлик муҳитини белгиловчи асосий омил. Бу тизимни мақбуллаштирмасдан туриб, бошқа қонун ҳужжатларини бирлаштирувчи Тадбиркорлик кодексини қабул қилиш – бефойда иш: масалчи Иван Криловнинг «Квартет» масалидаги қаҳрамонларнинг ҳаракатлари билан баробар!

Адлия вазирлигининг маълумотида Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда мазкур соҳада илғор тажрибага эга бўлган хорижий давлатларнинг амалиёти ўрганилган, дейилган. Аммо, юрист-тадқиқотчиларимизнинг ўрганишлари шуни кўрсатмоқдаки[1], АҚШ ва баъзи Европа давлатларида тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини кодификация қилиш амалиёти бизда ҳам Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши мақсадга мувофиқлигини асословчи мисол бўла олмайди.

Бинобарин, АҚШда савдо ва тижорат соҳаси АҚШ Ягона тижорат кодекси) Uniform Commercial Code) орқали тартибга солинса, тадбиркорлик субъектлари бўлмиш корпорациялар фаолияти Модель Business Corporation Аct воситасида тартибга солинади. Бунинг устига, АҚШда Ягона тижорат кодекси федерал қонун ҳисобланмайди, у ҳамма штатларда муайян ўзгаришлар билан қабул қилинади. Ушбу ҳужжат тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат ҳам эмас, балки штат томонидан қабул қилинган бўлсагина юридик кучга эга бўлади. Бундан ташқари, ушбу кодекс тадбиркорлик муносабатларининг барча жабҳаларини қамраб олмаган, хусусан, у хизматлар кўрсатишни, банкротлик масалаларини тартибга солмайди. АҚШ тажрибасидан кўриниб турибдики, Ягона тижорат кодекси ўз номи билан ягона бўлса-да, мамлакат бўйлаб федерал қонун сифатида қабул қилинмаган ва у штатлар томонидан ўз қонунларини қабул қилиш учун андоза бўлиб хизмат қилади.

Францияда Тижорат кодекси 1807 йилда қабул қилинган ва айни пайтда баъзи олимларнинг фикрига кўра кўпроқ формал хусусиятга эга бўлиб бормоқда. Чунки реал иқтисодий сектор махсус қонунчилик билан кўп даражада тартибга солинмоқда. Франциялик йирик олим Д.Таллон таъкидлаганидек, Тижорат кодекси «бўш қобиқ»дан иборат бўлиб қолган.

Адлия вазирлигининг маълумотида санаб ўтилган Тадбиркорлик кодекси лойиҳасида назарда тутилган янгиликлар, фикримизча, халқ тили билан айтганда, кодекс мақомига тортмайди. Ушбу янгиликларни амалдаги қонунларни такомиллаштириш орқали жорий этиш ҳам мумкин. Масалан, тадбиркорлик субъектларини кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратиш, «хўжалик ширкати» ташкилий-ҳуқуқий шаклини бекор қилиш, якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқининг берилиши учун янги умумлаштирилган кодексни қабул қилиш шарт эмас, бунинг учун амалдаги қонунларимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кифоя.

Тадбиркорлик – фойда олиш мақсадидаги фаолият. Бу таъриф амалдаги қонунларимизда ҳам, таклиф этилаётган лойиҳада ҳам такрорланган. Бу таъриф тўғри, унга эътироз бўлиши мумкин эмас. Аммо, тадбиркор фаолият юритиб фойда олиши бутун жамиятнинг моддий асосини ташкил этиши ва пировардида жамиятнинг манфаатларига хизмат қилиши учун тадбиркор фаолияти давлат томонидан қонунлар орқали тартибга солиниши керак. Тадбиркорлик жамиятимизнинг ажралмас қисми ва у бутун жамият манфаатларига уйғун тарзда ривожланиши лозим. Бу уйғунликка фақат оқилона қонунлар ва улар ижросини таъминлаш орқали эришилади.

Афсуски, бизда давлат томонидан тартибга солиш, назорат, текшириш ҳаракатлари тадбиркорлик фаолиятини чекловчи омил сифатида қараладиган бўлиб қолди. Бундай бирёқлама қараш қонунлар (биринчи навбатда, солиқ қонунчилиги) камчиликлар билан қабул қилиниб, коррупция ҳолатлари кўпайган ҳолатда шаклланган. Тадбиркорлик қонун доирасида эркин бўлиши – бу аксиома, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат, лекин танганинг иккинчи томони – қонун қоидаларида ифодаланган давлат, яъни бутун халқ, жамият манфаатлари ҳам бор. Бу икки томон ажралмас бирликдир. Тадбиркор манфаати алоҳида-ю, тадбиркор бўлмаганларнинг манфаати алоҳида эмас. Тадбиркор ҳам барча жамият аъзолари каби давлат хизматларидан фойдаланади, унинг фарзандлари мактабга боради, ўзи ва барча оила аъзолари давлат ҳимоясида бўлади. Ўзи тадбиркор бўлиб, оила аъзолари ишчи, хизматчи бўлиши мумкин – биз ҳаммамиз бир кемадамиз.

Фикримизча, Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси тадбиркорликни сунъий равишда жамиятдан ажратиш, давлат идораларини унга қарама-қарши қўйиш ғоясига асосланган. Бу нуқсон, хусусан, лойиҳанинг 4-моддасида кўринади. «Тадбиркорлик субъектлари ва давлатнинг ўзаро муносабатлари» деб номланган ушбу модда қуйидаги қисқагина жумладан иборат: «Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик субъектлари ва давлатнинг ўзаро муносабатлари тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини мустақил ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган». Бу таърифда «ўзаро муносабатлар» фақат давлатнинг мажбуриятларини белгилашдан иборат бўлиб қолган: давлат тадбиркорларни «рағбатлантиради», улар учун «қулай шарт-шароитларни яратади», улар «манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиради». Савол туғилади: «ўзаро»лик қани? Нега бу ерда фақат давлат мажбуриятлари санаб ўтилган? Ўзаро муносабатлар деганда ўз-ўзидан иккита томоннинг мажбуриятлари белгиланиши керак эмасми?

Лойиҳада оддий ҳаётий, инсоний мантиқдан келиб чиқиши сабабли қонун даражасида белгиланиши шарт бўлмаган умумий қоидалар, нормалар бисёр. Масалан, тадбиркорлик фаолиятининг асосий принциплари сифатида «тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг самарадорлиги» белгиланган (5-модда). Ҳар бир иш, ҳаракат, жараён муайян самара бериши лозимлиги ўз-ўзидан аён-ку, буни қонунда белгилашга не ҳожат?

Худди шундай, «коррупциядан холилик» алоҳида бир принцип сифатида белгиланган (15-модда). Коррупция ижтимоий иллат эканлигини ҳамма билади. Иллатдан холи бўлиш оддий ҳаёт мантиғидан келиб чиқади – бу қонун билан белгиланиши лозим бўлган норма эмас.

Лойиҳанинг 32-моддаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг конституциявий кафолатлари» деб номланган. Конституциявий нормалар Бош Қомус – Конституцияда белгиланади. Бош Қомус нормаларининг ундан паст турувчи қонун ҳужжати лойиҳасига киритилиши, фикримизча, қонунчилик тузилмаси мантиғига, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун нормаларига зиддир.

Лойиҳада схоластик, яъни ҳаётда аниқ нарсани ифода этмайдиган, маъноси мавҳум, «доноликка даъво» қиладиган умумий гаплар билан ифодаланган мантиқсиз нормалар мавжуд. Масалан, лойиҳанинг 7-боби «Тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий масъулияти» деб номланган бўлиб, ихтиёрий асосда ижтимоий, экология ва бошқа соҳаларнинг ривожланишига ҳисса қўшиш, ҳомийлик қилиш тадбиркорликнинг ижтимоий масъулияти эканлиги белгиланган. Бу ерда «ихтиёрий» сўзининг «масъулият» сўзи билан боғланиши мантиққа зиддир, чунки қонун матнида «масъулият» тушунчаси ишлатилганда мантиқан у муайян қонуний нормага риоя қилиш мажбуриятини англатади. Қонун нормасининг бажарилиши эса ихтиёрий бўлиши мумкин эмас!

Лойиҳанинг учта – 184, 234 ва 320-моддалари бир хил, «Асосий тушунчалар» деб номланган, 34-боб ва 384-модда номлари ҳам бир хил - «Тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлиги» деб ёзилган. Фикримизча, бу ҳолат ҳам қонун ҳужжати лойиҳасининг анчагина «хом»лигидан далолат беради.

Хулоса шуки, биринчидан, солиқ қонунчилигини оптималлаштирган ҳолда унинг ижросини рақамли технологиялар ёрдамида самарали назорат қилишни йўлга қўймасдан, иккинчидан, тадбиркорлик эркинлиги ва қонун ижросини назорат қилиш ажралмас бирлик эканлигини англамасдан, учинчидан, текширувларни тадбиркорлик эркинлигини чеклаш деб биладиган сохта ғоядан воз кечмасдан туриб, қонунларни бирлаштириш, кодификациялаш, янги-янгиларини «ижод» қилиш орқали мамлакатимиз иқтисодий қудрати ва халқимизнинг фаровонлигини таъминловчи қулай тадбиркорлик муҳитини яратишга уринишлар – хом хаёлдир.

Фарҳод Қурбонбоев иқтисод фанлари номзоди

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Ўзбекистонда 175 кишининг паспортига IMEI кодлари ноқонуний рўйхатдан ўтказилгани аниқланди
Дунё
Пабло Эскобар буйруғи билан портлатилган Boeing, «Невский экспресс» поездидаги теракт ва совет ҳукуматига қарши бошланган Слуцк қўзғолони. Кун хронологиясида 27 но...
Маҳаллий
Уй-рўзғор ишлари аёлларнинг иқтисодий фаоллигини туширади: Ўзбек аёлининг мартабага эришиш имкониятлари таҳлил қилинди