Кобулда 2022 йил 25 июнь куни Афғонистон халқига инсонпарварлик юкларини топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Яқинда Афғонистоннинг Хост ва Пактика провинцияларида рўй берган вайронкор зилзила оқибатларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистондан ун, ўсимлик ёғи, консерва маҳсулотлари, оёқ кийимлар ва дори-дармонлар, жами 74 тоннадан иборат инсонпарварлик ёрдами иккита юк самолётида Афғонистонга етказилди.
Маросимда сўзга чиққан Афғонистон Муваққат ҳукумати ахборот ва маданият вазири в.б. Хайрулла Хайрхва Афғонистон ҳукумати номидан президент Шавкат Мирзиёевга, барча дўст Ўзбекистон халқига ушбу оғир ва синовли вазиятда афғон элига кўрсатган бебаҳо ёрдами учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Унинг сўзларига кўра, «Ўзбекистон раҳбари бутун дунёга Афғонистон халқига нисбатан беғараз жасорат ва биродарлик муносабати намунасини яна бир бор намоён этди. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг самимий ва ғоят инсонпарвар эканлигидан далолатдир».
Алоҳида қайд этилганидек, Афғонистондаги даҳшатли фожиадан сўнг зудлик билан кўрсатилган ёрдам минглаб оддий афғонлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари ўртасидаги чуқур тарихий-маънавий, маданий-гуманитар алоқаларни таъкидлар экан, Х.Хайрхва мамлакат ҳукумати ушбу ришталарни янада ривожлантиришга интилаётганини таъкидлади.
«Ўзбек замини хазиналари саналмиш қадимий Самарқанд ва Бухоро ислом маданияти марказлари бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади, уларни, жумладан, бутун афғон халқи эъзозлайди.
Ишончимиз комилки, Ўзбекистоннинг бундай чинакам самимий кўмаги қардошлик ришталаримизни янада мустаҳкамлаш, халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги яқинлашувга хизмат қилади», — деди Афғонистон маданият ва ахборот вазири.
Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Афғонистонга кўрсатилаётган бу ёрдамнинг биродарлик хусусиятига эга эканини таъкидлар экан, унинг инсонпарварлик мазмунига тўхталди.
Изоҳ (0)