Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларига 3,5 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Каттақўрғон туман бўлими ва «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали мутахассислари билан ўтказилган терговга қадар текширувда, тумандаги «Мирзо Улуғбек» МФЙ ҳудудидаги нотурар бинода фуқаро С.Х. газлаштириш учун ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, табиий газ тармоғига ноқонуний улангани маълум бўлган.
У 4 дона оҳак пиширишга мўлжалланган қўлбола ясалган печларга 10 дона ностандарт газ ёндиргичларини ўзбошимчалик билан ўрнатиб, ишлатгани оқибатида, умумий даъво муддатидан келиб чиққан ҳолда, давлат ва жамият манфаатларига 3,5 млрд сўм зарар етказилгани аниқланган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)