Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ер юзидаги вояга етган аҳолининг 770 миллиондан зиёди, шу жумладан, 126 миллион нафар ёшлар ўқишни ёки ёзишни билмайди. Бу ҳақда ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле Марокашда бўлиб ўтаётган VII Катталар таълими бўйича халқаро анжуманда видеоалоқа орқали нутқ сўзлаётиб айтиб ўтди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

Фото: Reuters

«Дунёда 770 миллиондан ортиқ катта одамлар ва 126 миллион ёшлар оддий ибораларни ҳам ўқишни ёки ёзишни билмайди», — деди у, бу рақамларнинг учдан икки қисмини аёллар ташкил қилишини таъкидлаб.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 2019 йил апрелида БМТ аҳоли ва тараққиёт бўйича комиссиясига тақдим этган ҳисоботда Ер аҳолиси сони 7,7 миллиард кишига етгани айтилганди. Шу тариқа, бутун дунё бўйлаб одамларнинг тахминан 10 фоизи саводсиз бўлиб қолмоқда.

ЮНЕСКО раҳбари катталарга таълим бериш тарқалишини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга ва ушбу йўналишдаги ишларни фаоллаштиришга чақирди.

Катталарга таълим бериш бўйича халқаро анжуман БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга имкон яратиши кўзда тутилган. Ушбу мақсадлардан бири — Ернинг барча аҳолиси учун кенг қамровли ва сифатли таълимни таъминлаш ва бутун ҳаёти давомида ўқиш имкониятини қўллаб-қувватлаш. Бу йил тадбир олтинчи марта ўтказилмоқда, унинг асосий мавзуси — «Барқарор ривожланиш манфаатлари йўлида катталарни ўқитиш ва таълим бериш: қайта ўқитиш дастури».

Турки йилларда олинган БМТ ва ЮНЕСКО маълумотларига кўра (статистика давлатга қараб турли даврийликда янгиланади, шу сабабли баъзи ҳолларда маълумотлар беш йил аввалги ёки ундан ҳам эскироқ бўлиши мумкин), аҳоли орасида саводхонликни ривожлантириш бўйича энг жиддий муаммоларга Африка мамлакатлари дуч келмоқда. Ушбу кўрсаткич бўйича антирекорд Сомалига тегишли, у ерда 15 ёш ва ундан катта аҳолининг 5 фоизигина ўқиш ва ёзишни билади. Иккинчи ўринда Чад (22%), учинчида — Мали (31%). Шунингдек, аҳоли орасида саводхонлик энг кам ривожланган мамлакатлар ўнлигига Афғонистон ва Марказий Африка Республикаси (37 фоиздан), Буркина-Фасо (39%), Гвинея (40%), Гвинея-Бисау (42%), Сьерра-Леоне (43%) ва Либерия (48%) киради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар