Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) фикрича, Шимолий Кореяда COVID-19 билан боғлиқ вазият, афтидан, «яхшиланмаяпти, балки ёмонлашяпти». Бу ҳақда ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўйича дастури директори Майкл Райан айтиб ўтди, деб ёзади «Коммерсантъ».
Райан КХДРни мамлакатда COVID-19 авж олиши билан боғлиқ вазият юзасидан кўпроқ маълумот беришга чақирди ва «ишлов берилмаган маълумотлардан фойдаланиш ва жойлардаги ҳақиқий вазиятдан хабардор бўлиш бўйича катта муаммолар» борлиги, шу туфайли вазиятни таҳлил қилиш қийин бўлаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозир ташкилотда КХДРдаги вазият бўйича ҳукумат томонидан расман эълон қилинаётган маълумотлардан бошқа ҳеч қандай ахборот йўқ. Шунингдек, Райан қайд этишича, ЖССТ Шимолий Корея ҳукуматига пандемияга қарши курашда бир неча марта ёрдам таклиф қилган.
КХДР ҳукумати эса мамлакатдаги вазият яхшиланаётганини даъво қилмоқда, май охирида Пхеньянда деярли барча COVID-чекловлар бекор қилинди.
КХДР ҳукумати COVID-19 авж олгани ҳақида 12 май куни эълон қилди. Ўша кунгача пандемия бошидан буён мамлакатда расман касалланганлар бўлмаган.
Шимолий Корея мамлакатда коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида 2020 йил баҳоридан ўз чегараларини ёпиб қўйганди. Хитой билан товар айланмаси аҳамиятли тарзда камайган, шу билан бирга барча юклар мажбурий тартибда карантинга жўнатиларди.
КХДР вакцинация даражаси деярли нолга тенг. Мамлакат ҳукумати COVAX дастури доирасида халқаро кўмакдан ва бепул вакциналардан воз кечган, чунки давлатга кириб келадиган хорижлик мутахассислар инфекция олиб киришидан хавфсираган.
КХДРга қўшни Хитойда икки йил давомида касалланиш ҳолатлари деярли кузатилмаган бўлса, 2022 йил баҳорида у ерда ҳам катта кўламда авж ола бошлади.
Мавзуга доир:
- АҚШ Шимолий Кореяга COVID-19 га қарши курашда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди
- Шимолий Корея коронавирусга қарши курашда муваффақият қозонганини маълум қилди
- КХДРда эпидемия фонида дорихоналарга дори-дармонлар етказиб беришга армия жалб қилинади
- Ким Чен Ин КХДРда бошланган коронавирус эпидемиясини мамлакат тарихидаги «буюк изтироб» деб атади. Икки ҳафта ичида у ерда 500 минг киши касалланган
Изоҳ (0)