Хонанда Рухшонага турмуш ўртоғи Санжар Маткаримов томонидан енгил тан-жароҳати етказилгани ва жабрланувчининг шахсий сирини унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда тарқатиб, шахсий ҳаёт дахлсизлигини қасддан бузгани учун унга 2022 йилнинг 27 май куни Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан ҳукм ўқилди. Санжар Маткаримовга икки йил-у, бир ойга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Афсуски, жамиятда аёлни таҳқирлаш, унга руҳий ва жисмоний зўравонлик кўрсатиш ҳолатлари кўп учрайди. Ҳатто, санъат вакиллари орасида ҳам бундай зўравонликларга дуч келганлар кўплаб топилади.
Милена Мадмусаева: «Ота-онангдан воз кечасан, дейишганди»
— Турмуш ўртоғим айтган ишни қилардим. Ҳатто санъатдан кетасан, деса ҳам рози бўлгандим. Уйдан чиқишимга рухсат бермагунига қадар остона ҳатлаб кўчага чиқмасдим. Давлат тадбирларида иштирок этишим у инсонга унчалик ёқмасди. Бирдан давлат тадбирларига ҳам чақирмай қўйди. Кейинчалик билсам бирга яшаган пайтимизда турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилишса «Милена касал боролмайди, юролмаяпти», деган гапларни айтган экан. Аммо мен ҳомиладор аҳволимда тўйларга борардим.
Янги келин бўлиб тушганимда қайнонам телефонимни олиб қўйиб, «Ота-онангизни унутасиз», деган. Фақатгина ҳафтада бир маротаба, жума куни турмуш ўртоғимнинг телефонида оила аъзоларим билан гаплашишимга рухсат беришган. Фақатгина 2 дақиқа гаплашишим мумкин эди.Қайнонамнинг кўзига ҳеч қачон тик қарамаганман. Уни онамдек яхши кўришга ҳаракат қилганман. Аммо мен келин сифатида у уйда бегона эдим. У уйда худди ўзимни бўрилар орасига тушиб қолгандек ҳис қилганман. 10 ой турмушим бузилмаслиги учун чидадим ва бу ҳақида ота-онамга айтмадим. Олти ойлик ҳомиладорлик пайтимда кечаси ота-онамни соғиниб, тонгда уларга қўнғироқ қилишимга рухсат беришини сўраганман. «Ота-онанг ҳақида гапирма ва мен гапираётганда тик туриб эшит», деган. Шунда ҳаво етмай ташқарига чиққанман. Ҳаво совуқ, қор ёғаётган пайт эди. Уч соат ташқарида юриб уйга кирдим. Юзимни ювсам совуқдан бир томонга қийшайиб қолганини пайқадим. Тонг отиши билан машинамга ўтириб, ота уйимга кетдим. Турмуш ўртоғим ота-онамдан кечрим сўради, бир муддат яхши яшадим. Аммо барибир қайнонамнинг ота-онамга нисбатан адовати сақланиб қолганди. Сабабини билолмасдим.
Фарзандли бўлганимдан кейин ҳам вазият ўзгармади. Бу оилада нафақат турмуш ўртоғимга, балки унинг яқинларига ҳам керак эмаслигимни англадим. Бу ерда қолсам ҳаётим фожиали якун топишидан қўрқиб, ота уйимга кетдим. Бир ойдан сўнг турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилиб, «Қизимиз сизнинг ҳам фарзандингиз, уни истаган пайтда кўришингиз мумкин», дедим. У эса «Ота уйингда яшаса қизим эмас», деди. Мана қизим тўрт ёшдан ошдики, ҳалигача отаси кимлигини билмайди, — дейди хонанда Милена Мадмусаева.
Замира Бешимова: « ‘Мен аёлиман’ деганим учун роса калтак еганман»
— Аслида биринчи турмуш ўртоғим билан оила қуришни истамаганман. «Биз бир-биримизга мос эмасмиз», деб рад жавобини бергандим. Аммо тақдир экан, барибир ўша инсон билан оила қурдим. У инсонни тушуниб бўлмасди. Чунки тўйдан кейин мени умуман ташқарига чиқармай қўйган. Ҳатто, чиқинди ташлашга ҳам, дом тагидаги дўконга чиқишимга ҳам рухсат бермасди. Онам билан эса умуман гаплашишимни истамасди. Ўғлим олти ойлик бўлганида онамнинг туғилган кунига борганман. Ўшанда жаҳли чиқиб, уриб оёғимни синдирганди.
Энг ёмони дўстлари уйимизга келса бозорлик қиларди. Қолган пайт эса «бори шу» дерди. Ҳеч бўлмаса бола учун бозорлик қилинг деганимда «У кўкрак эмса, сенга шарт эмас», деганди.
Кейин бирдан у ўзгарди. «Дугоналарингни уйга чақир, гаплашиб ўтирасизлар», деди. Мен содда унинг гапларига ишониб, учта актриса дугонамни уйга чақирибман. Кейин билсам турмуш ўртоғим улар билан танишиш учун шундай деган экан. Дугоналарим билан яқиндан танишиб, менга берилмаган пулларни уларга ҳадя қилибди. Дугоналаримдан ҳам қаттиқ ранжидим, боламни ушлаган қўли билан шундай қабиҳ иш қилганини кечиролмадим. Аммо бу ҳаммаси эмас. Бир куни телефони жиринглади. Гўшакни кўтарсам ёш қиз «Сен кимсан?» деди. Орада у билан бироз келишмовчиликка бордим. Турмуш ўртоғим уйғониб, телефонини олганим учун урушди. Ҳатто, қизга «Мен аёлиман», деганим учун роса калтак еганман. Собиқ турмуш ўртоғимдан рўшнолик кўрмаган бўлсам ҳам қайнонам яхши инсон эди. «Чиданг, сабр қилинг, ҳамма аёлларнинг аҳволи шу», дерди. Кейинчалик билсам у келинлик бўлган пайтида ҳам қайнотамдан калтак ер экан. Ўғиллари ҳам онам демай гап қайтаришарди. Бундай оилада ўзим ва фарзандимнинг келажагини тасаввур қилолмаганим учун у ердан кетганман, — дейди актриса Замира Бешимова.
Султонали Раҳматов: «Эркак киши ўз-ўзидан урмайди»
Хонанда Нилуфар Саидова биринчи турмуш ўртоғи, бастакор Султонали Раҳматовдан руҳий ҳамда жисмоний тазйиққа учраган.
Султонали Раҳматов интервьюларидан бирида Нилуфар Саидовани урганлигидан афсусда эканини билдирганди.
— Собиқ турмуш ўртоғим Нилуфар яхши аёл. У болаларимнинг онаси шу боис уни ёмон деёлмайман. Нилуфар билан ажрашиш сабабини айтолмайман. Аммо ажрашишимизга қисман обрў талашиш ҳам сабаб бўлган. У йилларда мен саҳна ортида бўлганман ва кийиммасам ҳам у кийинсин деганман.1998 йили санъат институтига бориб, Нилуфарни 50 та қиз орасидан танлаб олганман. Аслида у иккинчи пландаги хонанда эди. Гулчеҳра деган қизни олишим керак эди, аммо баъзи сабабларга кўра бир ойдан кейин Нилуфар билан ишлашга қарор қилганман. Нилуфарнинг биринчи айтган қўшиқлари бор, у пайтларда овози у қадар кучли эмасди. Меҳнатларимиз самараси билан 3 йилда мукофот олиш даражасига етди.
Нилуфарни сўкканим ва урганимни ҳам тан оламан. Бунинг учун Нилуфардан узр сўрайман. Аммо бесабаб урмаганман. У одамларнинг орасида менга баланд овозда гапирган. Агар ўша пайтда индамай кетсам, одамларнинг олдида ким деган одам бўламан. Хўп, хотин ака, деб индамай кетишим керакми? Эркак киши ўз-ўзидан урмайди, — дейди бастакор Султонали Раҳматов.
Юлдуз Абдуллаева: «Қорнимга ургач ҳомиламдан айрилганман»
— Мен ҳеч қачон турмуш ўртоғимга ажрашиш ҳақида оғиз очмаганман. Доим сабр қилиб, чидаб юрганман, яхши томонга ўзгаришига умид қилгандим. Бир кун келиб сабр косам тўлган ва бир куннинг ичида ажрашаман деб, чиқиб кетганман.
Турмуш ўртоғим мени жуда кўп рашк қилганлар, билмадим жуда чиройли бўлган бўлсам керак. Ортиқча рашк ҳам одамни чарчатар экан. Турмуш ўртоғим «Қаерга борсанг ҳам, микрофонни ушлаганингда қўлингдаги никоҳ узугинг кўриниб турсин», деб тайинлаганди. Бир куни шошганимдан никоҳ узугини тақиш эсимдан чиқиб қолибди. Тўйдан қайтсам «Қани мен айтган тақинчоқни таққанинг?», деди. Ўшанда ҳомиладорлигимга ҳам қарамай, калтаклаганди. Натижада ҳомилам «тушиб» қолган. Бунақа даражада рашк қилавериш ҳам бўлмайди.
«Менга ишонмайсизми?», десам, «Йўқ, сенга ишонаман, кўчадагиларга ишонмайман», деганди. Қарасам, у одам жуда ҳам қийналиб кетяпти. У одам билан яшашнинг иложиси бўлмаяпти. Бир куни ажрашиш ҳақида айтганман, унгача бу ҳақда умуман оғиз очмаганман. Турмуш ўртоғим билан 7-8 йил бирга яшаганмиз.
Қизимни онам 2,5 ёшгача катта қилиб берганлар. Кейин ўзим катта қилганман. Карантин бошланишидан аввал қизимни узатдим. Қизим ҳам, турмуш ўртоғи ҳам Инҳа университетини битирган. Ҳозир молия йўналишида ўқишни давом эттирмоқда, — дейди хонанда Юлдуз Абдуллаева.
Лола: «Ўқишимни давом эттиришга ҳам рухсат беришмаган»
— Биз собиқ турмуш ўртоғим билан танишганимизда 18 ёшда эдим. У мени турмушга чиқишга кўндириш учун бир йил «меҳнат қилди», бизнинг тўйимизга тиш-тирноғи билан қарши бўлган ота-онамни кўндириш учун эса яна бир йил сарфлади. У ҳаммамизни кўндириш учун барча маҳоратини ишга солди. Шу тарзда орадан 2 йил ўтиб биз унга таслим бўлдик. Отам собиқ турмуш ўртоғимдан тўйдан кейин ўқишимни давом эттиришим ҳамда ўтган йиллар мобайнида эришган карьерамни давом эттириш ваъдасини олди. Эркаклар қўл ташлашди, нон синдирилди, тўйимиз бўлди.
Тўйдан кейинги 5 йил давомида мен фақат уй ишлари билан шуғулланиб уйда ўтирдим. Биз шаҳардан 30 километр узоқликда яшардик, мен деярли уйдан кўчага чиқмасдим. Менга ўқишимни давом эттиришга ҳам рухсат беришмади. Чунки бу янги келинчакка уйдаги мажбуриятларини бажарашига халақит берарди. Шу тарзда Вестминистерни тамомлай олмадим. Ўқишимни юридик университетнинг сиртқи бўлимига кўчиришди.
Ишлашимни ҳамда касбим билан боғлиқ тадбирларда иштирок этишимни тақиқлашди. Барча дугоналарим билан алоқам узилди, улар билан учрашувларга, туғилган кун ва тўйларга юборишмасди.
Ота-онамникига бир ҳафтада бир марта бир неча соатга борардим, ётиб қолишга ҳеч қачон рухсат беришмасди. Шундай қилиб орадан йиллар ўтди. Икки фарзандли бўлдим. Ҳар куни эрталаб соат 06:00 да турардим, ярим кечаси ухлашга ётардим. Бошқаларнинг манфаатлари билан яшардим, чунки ўзимда ҳеч қандай манфаат йўқ эди. Ҳаётимдаги асосий мақсад оила аъзоларига хизмат қилиш, уларга яхши кўриниш эди. Ҳар кеча ухлашдан олдин ўзимни саҳнада ҳис этар, кўзларим ёниб табассум қилаётганимни тасаввур қилардим. Фақат тушимда ўзимни бахтли ва эркин ҳис этардим. Кунлардан бир кун мен 40 кунлик ўғлимни ва икки ёшли қизимни олиб у уйдан кетдим ва у ерга бошқа ҳеч қачон қайтмадим, — деганди Лола Йўлдошева.
Наргиза Абдуллаева: «Қўл кўтарарди, бўғиб жисмоний тан-жароҳат етказарди»
— Собиқ турмуш ўртоғим мени кўриб ёқтириб қолган. Кейин катталар отамнинг ишхонасига бориб, оғиз солган. Отам ҳам рад жавобини берган. Аммо улар совчи бўлиб келаверган. Гап одам танлашда эмас, аммо аввалдан у инсон билан оила қуришни истамагандим. «Ҳозир оила қуришнинг вақти эмас, карьера қилишим керак», деб ҳисоблардим. Аммо тақдир экан, бир ойда тўйимиз бўлиб кетди. Кейин билсам у инсон актриса бўлганим учун мен билан оила қурган экан. Яширмайман, ўртаҳол оиланинг фарзандиман. Улар эса тўйдан аввал оиламизни бошқача тасаввур қилган экан.
Ота-онам ҳам борини қилган, қиз узатдим деб бировдан қарз олмайди-ку. У пайтда узатилган қиз томонга 40 та тоғара қилмаса уят эди. Тўйдан кейинги илк кундан бошлаб, ҳар хил гаплар қилишди. Негадир «Артистсан-да» деган гап кўнглимга оғир ботарди. Улардан кўп марта ҳатто, «хўп бўлади» деган сўзим учун ҳам шу гапни эшитгандим. Ўшанда «хўп бўлади» деган сўз айримларга ёқмаслигини тушунганман. Камситишлардан сўнг у оила билан келажагимни тасаввур қилолмаганман. Чунки собиқ турмуш ўртоғим қўл кўтарарди, бўғиб жисмоний тан-жароҳат етказарди. Ҳатто, мажбуран яшатиш учун уйдан машинасигача судраб чиққан кунлари ҳам бўлган. Эркак киши аёлига бир марта қўл кўтардими, унинг ожизлигини билиб қайта ва қайта бу ишни қилаверади, — дейди актриса Наргиза Абдуллаева.
Раъно Ярашева: «Бошимга қаттиқ жисм билан ургач, ота уйимга кетдим»
— Ўн етти ёшимда оила қурганман. Турмуш ўртоғим ёмон инсон эмасди, аммо дунёқарашимиз бир-бирига мос келмасди. Мен ёш, шеъриятга қизиқадиган инсон эдим. Аммо қизиқишларим турмуш ўртоғимга ёқмасди. У инсоннинг фикрича, келиннинг китоб ўқиши, шеър ёзиши маъқул иш эмасди. Кейин турмуш ўртоғим спиртли ичимлик истеъмол қиларди. Бир куни келиб, бошимга қаттиқ жисм билан урди. Бошимдан қон оқаётганини кўриб, жаҳл билан ота уйимга кетдим. Отам аҳволимни кўриб, нима бўлганини сўради. Кейин турмуш ўртоғимнинг ёнига келиб, «Қизимнинг айби нима? Нега урдинг», деб сўради. Турмуш ўртоғим кулиб, бундай ҳол ҳамма оилада бўлиб туришини айтди. Отам жаҳл билан турмуш ўртоғимни урганида хонанинг у бошига учиб тушганди. Ундан кейин «Ичмайман, яна шундай қилсам боламнинг ўлигини устида ўтирай», деб қасам ичди. Афсуски, қасамининг устидан чиқмаганидан кейин 4 ёшлик қизим оламдан ўтди. Бу воқеадан кейин у оилада қололмадим, — дейди актриса Раъно Ярашева.
Зарнигор Ғаниева: « ‘Эрингдан аразлаб қаерга ҳам кетардинг? Борадиган жойинг йўқ’, дейишарди»
— Онам эрта вафот этганидан сўнг ўгай отам эрта турмушга берган. Келинлик даврим жуда қийин ўтган. Чунки эрта уйғонишни, ҳатто қайнонага қандай қилиб чой узатишни ҳам билмасдим. Аммо қийинчиликларим фақат бу эмасди. Турмуш ўртоғим билан ҳам муносабатларимиз у қадар яхши эмасди. Унинг хатти-ҳаракатлари ўзгараётганини яқинларига айтсам гапимга ишонишмасди. «Эрингдан аразлаб қаерга ҳам кетардинг? Борадиган жойинг йўқ», деб кулишарди. Аслида ҳам вазиятим шундай эди. Энг алам қилгани эр-хотин тортишиб қолсак қайнонам аралашиб «Сен ҳам онангга ўхшаб бировга иккинчи хотин бўлмоқчимисан? Минг қилса ҳам онангга ўхшайсан-да», дерди. Онам ёмон аёл эмаслигини, фақат тақдир сабаб икки марта оила қурганини айтолмасдим. Аммо оилам бузилишига булар сабаб бўлмади. Биз турмуш ўртоғим билан ижара уйда яшардик. Ўғлим ҳали чақалоқ эди. Уйимизга тез-тез турмуш ўртоғимнинг дўстлари келиб, хона эшигини ёпиб нималардир қилишарди. Кейин билсам улар қимор ўйнашар экан. Ўйиннинг бирида турмуш ўртоғим мени ва фарзандимни қиморда ютқазиб қўйибди. Буни ижара уй эгаси келиб айтганида шокка тушганман. «Уйдагиларингни чақир», деди. Ортимдан келадиган одам йўқ, деганимдан кейин уй эгаси ички ишлар ходимларини чақирган. Шундан кейин боламни олиб, ўгай отамнинг уйига қайтганман, — дейди Зарнигор Ғаниева.
Зуҳра Солиева: «Мана сенга бола, деб ичимга тепарди»
— Жуда кеч оила қурганман. Ўғил болага осон, исталган қизга совчи қўяди. Кўндирса, уйланиб кетаверади. Қиз боланинг иши қийин экан. Тақдир бўлмай, ёшим катта бўлганда оила қурдим. Турмуш ўртоғим ўзимдан 7 ёш кичик эди. Оилани мустаҳкамловчи куч бу фарзанд. Ўртада негадир ҳеч фарзанд бўлмади. Муносабатлар ҳам аввалгидек эмаслиги мени ҳамиша ташвишлантирарди. Аёл киши турмуш ўртоғидан меҳр кўрса, ҳар қандай муаммони енгиб ўта олади. Меҳрсиз муносабат эса катта муваффақиятларни ҳам тариқча қадрсиз қилиб қўйиши мумкин. Ҳаёт инсонга бир бор берилади. Шундай экан, ҳар ким ўз бахтини топиб, бахтли эканини ҳис қилиб яшаши керак.
Тўйларга чиқаман, лекин Тошкентдан квартира сотиб оладиган даражада пул топмайман, бу биринчидан. Иккинчидан, эрга тегдим. Эрга тегиб, уй-жой қиламан, десам, у эр шунақа тушди, бор-йўғимни совурди. Ана шунда олардим. Эрим ҳам пулимни совурди, ҳам дилимни оғритди. Мен нега чидардим, битта бола бўлса буям босилади, ўзгаради, дердим. Бизда шунақа гап бор-ку. Битта бола бўлса, эрим босилади, деганларга айтмоқчи бўлган гапим: босилмайди! Бўлмагани бошидан билинади! ГАИга тушган жаримасини ҳам мен тўлардим, кийим-кечак олиб берардим, машинани бўлиб тўлашга олганман, ҳар ой 400 доллар тўлардим. Ўша пулларни ҳисобласам, эримни кетидан иккита уйнинг пули кетди.
Нафақат эрим, балки қайнонам ҳам иккиюзламачилик қилди. Менга яхши гапириб, телефонда ўғлига «ур», дерди. «Бир марта қачон бола қиламиз, бола хоҳлаяпман», деганимда «Мана сенга бола!», деб бачадонимга тепган, — дейди Зуҳра Солиева.
Мавзуга доир:
- Биринчи турмуши омадсизликка учрагач, иккинчи ёки учинчисидан бахт топган ўзбек шоу-бизнеси вакиллари (фото)
- Феруза Жуманиёзова «балкон»да, Юлдуз Турдиева ойнасиз уйда. Ижарада яшаш нима эканини яхши тушунадиган ўзбек шоу-бизнеси вакиллари (фото)
- Оила қуриб, сўнг ажрашган ўзбекистонлик машҳурлар (фото)
Изоҳ (0)