Кўп йиллардан бери карьерасини фарзандли бўлишдан устун кўришда айбланиб келинаётган актриса Женнифер Энистон ҳар ким ўз ҳаётини қандай яшашини танлаш имкониятига эга бўлиш муҳимлиги ҳақида очиқ гапирди. AdMe нашри Рейчел Грин роли билан машҳур бўлган актрисанинг ҳаёти ҳақидаги ҳикояни сиз билан баҳам кўради.
Карьерасининг дастлабки йиллари
Женнифер Энистон 1969 йил 11 февралда туғилган. Унинг ота-онаси актёр бўлган, шунинг учун у ёшлигиданоқ бу фаолият билан яхши таниш эди. У Нью-Йорк шаҳридаги мусиқа, санъат ва актёрлик мактабида драма бўйича таҳсил олган.
Аввалига у ҳатто реклама соҳасида ҳам иш топа олмайди. Женнифер 2 йилдан ортиқ музқаймоқ дўконида официант ва сотувчи бўлиб ишлайди. У пул қарз олиб, сўнгги бир неча долларини «Дўстлар» фильмидаги ролга фотокастинг учун суратга тушишга сарфлайди.
«Дўстлар» ва Рейчел Гриннинг муваффақияти
«Дўстлар» премьераси 1994 йилда бўлиб ўтди ва сериал кейинги 10 йил давомида ҳам катта муваффақият билан давом этди. Қаҳрамон Женнифер барчанинг севимлисига айланди, унинг кийимлари ва соч турмаги 10 йиллик тенденцияни белгилаб берди, уни ҳалигача эслашади ва бундай турмакдан ҳозиргача фойдаланишади.
2000 йилда Энистон Бред Питтга турмушга чиқади. Одамлар бу ажойиб жуфтликни жуда яхши кўришарди ва улар қаерга кетаётганини, нима қилаётганини доимий равишда кузатиб борадиган матбуот, айниқса, уларнинг фарзандли бўлиш-бўлмаслиги билан қизиқарди. Аммо жуфтлик учун бу асосий нарса эмас эди. 2005 йилда улар ажралишди ва тез орада Бред Питт Анжелина Жоли билан муносабатларини расман эълон қилди.
Комедиялар юлдузи
Эсда қоларли рол ўйнаган машҳур актёрлар билан тез-тез содир бўладиган нарса Женнифер билан ҳам содир бўлиши эҳтимоли бор эди: у Рейчел Грин тимсолида қолиб кетиши ва бошқа ролларда синаб кўрилмаслиги мумкин эди. Бироқ Энистон бундай бўлмаслиги учун жуда кўп ҳаракат қилди. «Яхши қиз» (2002) фильмини суратга олиш ишлари бошлангач, у фильм устида ишлашни тўхтатмайди.
«Дўстлар» 2004 йилда тугади ва Женнифернинг карьераси катта экранга кўчади. Худди шу йили яна бир юлдуз — Бен Стиллер билан биргаликда рол ижро этган «Мана, Полли ҳам келди» фильми намойиш этилди. 2006 йилда у Винс Вон билан биргаликда рол ўйнаган «Американча ажралиш» фильми прокатга чиқди. Шундан кейингина Рейчел образи ортда қолди, Женнифер ўзининг карьераси эндигина бошланаётганини ҳаммага кўрсатиб қўйди. 2012 йилда актриса Голливуднинг Шон-шараф хиёбонида ўз юлдузига эга бўлди.
Янги роллар ва янги вазифалар
Женнифер яхши комедик актриса бўлишига қарамай, фақат шу жанр билан чекланиб қолишни хоҳламади. 2005 йилда у «Хиёнатнинг баҳоси» драмасида, 2008 йилда эса «Марли ва мен» фильмларида ижро этган роллари муваффақият олиб келди. У 2009 йилда «Ваъда бериш — турмуш қуради дегани эмас» ва 2011 йилда «Рафиқам бўл» мелодрамаларида ҳам рол ўйнади. 2014 йилда Женнифер «Торт» фильмидаги образи билан барчани ҳайратда қолдирди, мазкур фильмда у сурункали оғриқдан азоб чекаётган аёл ролини ўйнади.
Женнифер 2015 йилда Жастин Теруга турмушга чиқди. Карьерасидаги муваффақиятига қарамай, у шахсий ҳаётидаги воқеалар туфайли журналлар муқоваларида пайдо бўла бошлади. Бир интервьюсида у шундай деганди: «Ҳеч ким бу мавзу эрим ва мен учун жуда оғриқли эканини ўйламайди. Улар менинг руҳий ҳолатим ва соғлиғим ҳақида билишмайди. Аёлларга она бўлиш учун босим ўтказилади ва агар бундай бўлмаса, ҳаммасига уни айбдор қилишади. Балки, менинг мақсадим насл қолдириш эмасдир. Балки, мен бошқа биров учун яратилгандирман».
Актрисанинг сабр косасини тўлдирган очиқ хат
2016 йилда Женнифер сабр косаси тугаганини ҳис қилгач, очиқ хат ёзишга қарор қилди. Актриса кўп йиллар олдин биринчи марта ҳомиладорлиги ҳақида миш-миш тарқатганларга мурожаат қилди. Бироқ у бу гапни ўзига олмаган ва умуман, қасд олишни ният қилмаганди. Бунинг ўрнига у бошқаларга ғамхўрлик қилади.
Женнифернинг таъкидлашича, бу каби ғийбат ва миш-мишлар аёллардан гўзалликнинг маълум «стандартлари»га жавоб беришни талаб қиладиган жамиятнинг ҳар доимги камситишидир. У қизларнинг гўзал деб ҳисобланиши учун озғин бўлиши керак деган фикрда ўсиб улғайишидан хавотирда эканини айтди.
Энистон ўз мактубида қалбининг энг тубидаги гапларни ёзди: «Биз ҳаётда умр йўлдошли ёки усиз, фарзандли ёки фарзандсиз ҳам бахтимиз тўкис бўлиши мумкин. Танамизга келганда эса нима гўзал эканини ўзимиз ҳал қилишимиз керак. Бу қарор фақат бизга тегишли. Келинг, буни ўзимиз ва бизга намуна сифатида қарайдиган ёш қизлар учун қилайлик. Бахтли бўлиш учунгина турмуш қуришимиз ёки она бўлишимиз шарт эмас. Бахтли якунимиз нима бўлишини фақат ўзимиз ҳал қиламиз».
Женнифер Энистон бугун: кўп қиррали актриса ва ишбилармон аёл
2021 йилда Женниферга The Hollywood Reporter нашрига берган интервьюсида Риз Уизерспун иштирокидаги «Тонг шоуси»нинг 2-мавсумининг муваффақияти, «Дўстлар» жамоасининг бирлашиши ва Адам Сендлер билан бўлажак «Қотиллик сири» фильмининг премьераси ҳақида саволлар берилди.
Женнифер ҳозирда журнал ўқимаслигини тан олди. Унинг сўзларига кўра, у илгари ҳамма нарсани кўнглига яқин олган — ҳомиладорлик ҳақидаги барча миш-мишлар ва «у болалардан кўра карьерасини афзал кўргани»ни тўғрисидаги туҳматни ҳам. «Ҳеч ким менинг нега фарзандларим йўқлиги сабабини, менинг руҳиятимда ва ўзимда тиббий жиҳатдан нима бўлаётганини билмайди», — дейди актриса.
Бугунги кунда Женнифер ўзига тегишли гўзаллик брендининг муваффақиятидан баҳраманд бўлиб, ажойиб лойиҳаларни амалга оширишда давом этмоқда. Шундай тиниб-тинчимаслиги ортидан 2021 йил декабрда Шеррй Лансинг Leadership Award мукофотини қўлга киритди. Айнан шу маросимдаги нутқида у энг яхши иши ҳали олдинда эканини алоҳида таъкидлади.
Мавзуга доир:
- «Бу миямга таъсир қила бошлади»: Голливуд актрисаси Женнифер Энистон уйқусизликдан азият чекаётганини маълум қилди
- Фильмдаги қаҳрамонларининг ҳис-туйғу ва муаммоларини реал кўрсата олган маҳоратли актёр ва актрисалар (фото)
- Котиба, фаррош, жиннихонада юк ташувчи: Голливуд юлдузлари машҳур бўлгунга қадар қаерда ишлаган?
Изоҳ (0)