«Kun.uz» нашрида «Икки ой олдин армияга кузатилган йигит юрак хуружидан ўлгани айтилмоқда, марҳумнинг яқинлари бунга ишонмаяпти» сарлавҳали хабар эълон қилинди. Мудофаа вазирлиги вазиятга муносабат билдирди.
Унда айтилишича, ҳолат юзасидан Қарши ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «ҳолат синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши ва натижаси бўйича қўшимча хабар қилиниши» ҳақида маълумот берди.
«Kun.uz»да эълон қилинган мақолада айтилишича, 8 апрель куни армия сафига кетган Руслан Қидиралиев 29 май куни вафот этган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида 18 яшар аскарнинг ўлимига«юракнинг сурункали ишемик касаллиги, юрак гипертрофияси, кардиосклероз, аорта ва юрак тож томирлари атеросклерози сабаб бўлгани, экспертиза текшируви жараёнида марҳумда ўткир юрак ва қон-томирлари етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши кўринишидаги касалликлар асоратлари аниқлангани қайд этилган.
Бироқ марҳумнинг яқинлари бунга ишонишмаяпти. Агар ўғлимизда қандайдир сурункали касаллик бўлганида бу тиббий кўриклар вақтида аниқланар ва уни ҳарбий хизматга олишмасди, дейишмоқда марҳумнинг ота-онаси.
Аввалроқ Фарғонада 2 нафар ҳарбий хизматчи ис газидан вафот этгани, Чирчиқдаги ҳарбий полигонда 21 ёшли йигит снаряд портлаши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган.
Изоҳ (0)