“Барселона” ярим ҳимоячиси Гави мавсумолди ўртоқлик учрашувларида ажойиб ўйин кўрсатди. Натижада, Каталония клуби унинг асосий рақобатчиларидан бири бўлган Фермин Лопесни сотиш ҳақида ўйлаб кўриши мумкин. Бу ҳақда Fichajes нашри хабар берди.

Манбанинг ёзишича, “кўк-анорранглилар” ёзги трансфер ойнасида янги футболчилар — Жоан Гарсия ва Маркус Рашфордни рўйхатдан ўтказиш учун бюджетдан жой бўшатиши лозим. Буни эса фақат футболчи сотиш йўли билангина амалга оширилади. Айни пайтда, клубни тарк этадиган асосий номзод сифатида Фермин Лопес кўрилмоқда.
“Барселона” дастлаб Гави билан ҳам хайрлашиш ҳақида ўйлаган эди. Бироқ ёш футболчи мавсумолди ўйинларида ажойиб ўйин намойиш этди: 3 та ўйинда 3 та гол ва 1 та голли узатма. Шу тариқа у “Барселона” учун муҳим футболчи эканини исботлади. Унинг бу муваффақияти эса Фермин Лопеснинг жамоадаги келажагига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Фермин Лопесга эса Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби қизиқиш билдирмоқда. “Қизил иблислар” 21 ёшли ярим ҳимоячи учун 70 миллион евро тўлашга тайёр. Каталония клуби молиявий барқарорликни тиклаш мақсадида бу таклифни жиддий кўриб чиқмоқда.
Аввалроқ, “Челси” клуби Фермин Лопесни Кристофер Нкунку билан алмашишни таклиф қилган эди. Бироқ бу вариант “Барселона” раҳбарияти томонидан рад этилган.
- Фермин Лопес ўтган мавсумда “Барселона” сафида 46 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 8 та гол ва 10 та голли узатма ёздириб қўйган.
- Унинг клуб билан шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади.
- Transfermarkt портали футболчининг қийматини 50 миллион еврога баҳоламоқда.
Изоҳ (0)