31 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Канаданинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Элисон Мери Леклерни қабул қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар расмий вакили хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашув давомида Канада элчиси Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни юксак баҳолаган. Дунёдаги мураккаб вазиятга қарамай Ўзбекистон ислоҳотлар йўлидан изчил ҳаракатланишда давом этаётгани эътироф этилган. Канада ҳукумати Ўзбекистонга бу йўналишда кўмак беришга тайёрлиги айтиб ўтилган.
Томонлар таълим соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган. Шунингдек, томонлар Ўзбекистонда ушбу мамлакатнинг етакчи олий ўқув юртларининг филиалларини очиш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида биргаликда кадрлар тайёрлаш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирган.
Ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида томонлар Тошкент шаҳрида Канада виза марказини очиш масаласини ўрганишга келишиб олинган.
Изоҳ (0)